Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:59

Ўзбекистон фуқаросини ўлдирган тақирбошлар жазоланди


Бундан аввал ҳам Ўзбекистон фуқарларини ўлдирган тақирбошлар судга тортилган эди.
Бундан аввал ҳам Ўзбекистон фуқарларини ўлдирган тақирбошлар судга тортилган эди.

Хабаровскда Ўзбекистон фуқароларидан бирини ўлдирганлик¸ яна бирига оғир тан жароҳати етказганликда айбланган икки жиноятчи устидан ҳукм ўқилди.


Тергов давомида 19 ёшли Иван Дёмин ва Хабаровск олий ўқув юртининг 17 яшар талабаси шаҳарнинг ўнг радикал ёшлар тўдаси – бонхедлар (скинхед-неонацистлар) таркибига киргани аниқланди, дейди Хабаровск ўлка суди маслаҳатчиси Илья Андреев.

- Бу йигитчалар Интернетда танишиб иккаловида ҳам ягона “қизиқиш” - “рус бўлмаганларни” ёқтирмаслик борлигини билиб олишган. 2010 йилнинг 18 ноябрида Иван Дёмин ўзининг вояга етмаган шериги билан Хабаровскнинг Прогрессивная кўчасида мобил телефонда гаплашаётган ўзбек йигитини учратиб қолган ва унга ҳужум қилган, дейди Хабаровск ўлка суди ходими Илья Андреев.

Судда тақирбошлар бу шахснинг ташқи кўриниши ва гапириши уни калтаклаш ва бир неча маротаба пичоқлаш учун етарли асос бўлганига иқрор бўлган. Кўчада ўтиб кетаётган одамлар миллатчиларни чўчитиб юборган, шундай бўлса-да¸ улардан бири яраланиб ётган ўзбекнинг олдига қайтиб унинг телефонини олиб кетган.

Исми-шарифи ошкор этилмаётган Ўзбекистон фуқароси шифокорлар ёрдами туфайлигина тирик қолган.

Неонацистлар ўз қилмишларидан руҳланиб, янги “ўлжа” қидиришга тушган. Икки кун ўтар-ўтмас - 21 ноябр куни, шаҳарнинг Кутузова кўчасида улар яна бир ўзбекни учратиб қолган.

Жанжал бошлаш учун Дёмин уни туртиб юборган ва даҳанаки жанг муштлашувга айланиб кетган. Иван Дёмин ўзбекистонликни калтаклаб турган бир пайтда, жиноятчилардан ёшроғи чўнтагидан пичоқ олиб муҳожирнинг юрагига зарба берган. Жароҳатланган Ўзбекистон фуқароси муштлашув жойида ҳалок бўлган.

Кўп ўтмай қўлга олинган Иван Дёмин ва унинг шеригига Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг “миллий адоват юзасидан содир этилган қотиллик”, “талон-тарож” ва “ҳаётга суиқасд” моддалари асосида айблов эълон қилинган.

Хабаровск ўлка суди 19 ёшли Иван Дёминни 11 йилга қаттиқ режимли, вояга етмаганлиги сабабли исми ошкор этилмаётган 17 ёшли асли амурлик иккинчи жиноятчини эса 8,5 йил умумий режимдаги қамоқ жазосига маҳкум этди.

Бундан ташқари, тақирбош-биродарлар ўз жиноятлари оқибатида жароҳат олган Ўзбекистон фуқаросига ҳар бири 250 минг рублдан¸ 500ҳалок бўлган ўзбекистонликнинг яқинларига эса 500 минг рублдан товон пули тўлашга мажбур этилди.

Хабаровск ўлка суди расмийси Илья Андреевга кўра, айблари судда тўлиқ исботланганига қарамасдан, иккала жиноятчи суд қароридан норози экани ва шикоят аризаси билан юқори инстанцияга мурожаат қилишини билдирган.

Бундан аввал ўзбекистонлик муҳожирларни ўлдирган тақирбош ва миллатчилар гуруҳлари устидан Москва, Новгород, Оренбург, Тюмен, Санкт-Петербург ва Россиянинг бошқа шаҳарларида маҳкама жараëнлари бўлиб ўтган эди.
XS
SM
MD
LG