Линклар

Тожикистонда Янги йилни байрам қилувчилар кам

  • Гулнора Равшан

Тожикистонликлар Янги йилдан эмас, байрам кунлари ҳукумат электр энергияси чекловини бекор қилганидан хурсанд бўлишмоқда.

Қўрғонтепалик 38 ёшли Гулбаҳор эсини танибдики, янги йилни оила даврасида, безатилган арча атрофида кутиб олишини айтади.

- Янги йил биз учун энг яхши байрамлардан бири. Бу ажойиб афсонавий байрам, болалар учун ҳам. Мен ўзим ҳар йил болалар учун бу байрамни нишонлайман. Янги йил куни эрталаб уйқудан турибдики, арчанинг тагида улар учун совға бор, хурсанд бўлишади, - дейди Гулбаҳор.

“Янги 2012 йилга ҳам саноқли кунлар қолди. Гарчи Тожикистонда ҳам поссовет бошқа ўлкаларидаги сингари мелодий йил тақвимига амал қилинса-да, қўрғонтепалик Гулбаҳор сингари янги йилни катта тантана билан, арча безаб нишонлаётган тожикистонликлар сони йилдан йилга камаймоқда”, дейди маҳаллий кузатувчилар

Хусусан, кузатувчилар фикрича, шўролар замонида уйларда арча безаш ва арча тагига болалар учун ширинликлар ва совға саломлар тарқатиш сўнгги йилларда деярли анъанадан қолди.

Рудакий туманлик Маликахон исмли суҳбатдошимиз 2000 йилдан кейин умуман арча безатмай қўйганини, янги йилни эса бир товоқ палов билан кутиб олишини айтди.

- Биз 2000 йилдан бери арча безамаймиз, мана 12 йил бўлибди. Тўртта болам бор, уларнинг кийимига керак, мактабига керак, ҳозир мактаблар ҳам пуллик бўлган - шуларга кетади топганимиз. Пул йўқ, кўпчиликда иш йўқ. Байрам қилишни хоҳлагани билан одамларда имконият, шунга шароит йўқ. Энди ҳозир фақат шароити борлар қилаяпти, - дейди Маликахон.

Микрафонга гапиришни истамаган бошқа бир суҳбатдошимиз Шаҳринав туманлик Сайрам Қодирова шўролар мактбида ўқиб юрган кезлари мактабда ҳам, оиласида ҳам байрамдан 15 кунча аввал катта арча безатилганини, байрам кечаси эса ўйин кулги, қўшиқ айтиш билан янги йил кутиб олинганини айтади.

- Энди эсимиз кириб, мустақилликка етиб бу байрам асосан насронийларнинг байрами эканини англаб етдик. Ҳозир кўпчилик пайғамбаримизнинг Мавлуд кунини, умуман миллий байрамларимизни нишонлашни афзал деб билаяпти,- дейди Сайрам ўзаро суҳбатда.

Аснода тожикистонлик диндорлар аҳолисининг 98 фоизи мусулмон бўлган Тожикистонда Исо Масиҳнинг туғилган кунини нишонлаш бора-бора урфдан қолаётганини олқишламоқда.

- Ислом умуман бундай нарсаларга ижозат бермайди, чунки ақида бузилади. Бу насронийлар дини ирмоқларига боғланиб кетадиган байрам.

Бунинг ўз тарихи бор. Биби Марям икки қат бўлганда унга тўхмат бўлди-ку. Исо туғулаётганида у ўрмонга чиқиб кетди. Туғилиш пайтида Жаброил алайҳиссалом пайдо бўлиб, бир туп дарахт бўлади, ўша ерда: “Мана шу дарахтнинг шохини узсангиз, сув пайдо бўлади”, дейди. Кейин Марям шундай қилганида ҳалиги дарахт кўкаради, тагидан сув чиқади. Ўшанга буларда “Исо яшил дарахт тагида туғилди”, деган ақида бор, - дер экан Қўрғонтепадаги масжидларнинг бирида имомлик қилаётган Муроджон Собитзода, арча безатиш мусулмонларга хос бўлмаган, шўролар замонидан сақланиб қолган одат эканини қўшимча қилди.

Дин пешвосининг мулоҳазасича, умуман минтақа мусулмонлари бегона байрамлар ўрнига миллий байрамларни катта тантана билан нишонлаши мақсадга мувофиқдир.

Айни пайтда “Барқи тожик” ширкати ҳукумат қарори билан аҳолига байрам кунлари бир қатор қулайликлар яратиш мақсадида 31 декабр ва 1 январ кунлари республика бўйлаб электрга белгиланган чекловни бекор қилди.

Ҳукуматнинг янги қарори ўз навбатида аксарият тожикистонликларнинг қувончига сабаб бўлди.

- Қишлоқ жойларда тирикчилик жуда қийин. Иш йўқ, иш бўлмаса пул ҳам, газ ҳам йўқ. Уйлар фақат электр ёрдамида иситиларди. Ўйлайманки, икки кунга бўлса ҳам шу лимитни бекор қилиш халқ учун катта ёрдам, - дейди мавзу юзасидан суҳбатлашган суҳбатдошимиз Илҳомжон.
XS
SM
MD
LG