Линклар

Ўзбекистон қора бозорида доллар ўйини кучайди

  • Барно Анвар

Шу кунларда Тошкентдаги қора бозорда АҚШ доллари фақат харидорлардан сотиб олинмоқда, сотувга эса йўқ.

Шу кунларда Тошкентдаги қора бозорда АҚШ доллари фақат харидорлардан сотиб олинмоқда, сотувга эса йўқ.

Долларфурушлар ҳозир хориж валютаси фақат сотиб олинаётгани, сотувга эса Янги йилдан кейин чиқишини айтмоқда.


Янги йил арафасида Тошкент қора бозорларида АҚШ доллари нархи яна ўйнай бошлади.

Уч-тўрт кун муқаддам бир АҚШ долларининг қора бозордаги нархи 2850 сўмдан 2 660 сўмга тушган эди. 27 декабр куни кечқурунга келиб нарх яна 2775 сўмга чиқди.

- Кечадан бошлаб нарх 2 770 сўмга чиқди. Ўйнаб турибдида долларнинг нархи, дейди Тошкентдаги қора бозорлардан бирида АҚШ доллари савдоси билан шуғулланувчи саррофлардан бири Абдуллоҳ.

Доллар қора бозорига муттасил иши тушиб турадиган тошкентлик Мадина исмли савдогар аёл Янги йил байрами арафасида доллар нархи тушганини табиий ҳол, деб баҳолади.

- Ўзи Янги йил байрами арафасида ҳар йили доллар озгина тушади. Ҳамма четдан келган байрамликни майдалаб, сўм қилади, байрамга бозор қилади. Бозордаги нарх-наволар бўлса ошади. Бу гал доллар нархи тушди-ю, лекин икки кунда яна қимматлади, нимагалигига ҳайронман. Ўйинда энди бу. Кимлардир нималардир қилаяпти, дейди тошкентлик савдогар аёл.

Суҳбатдошга кўра, ҳар йили Янги йил арафасида саррофлар сунъий равишда АҚШ доллари сотувини тўхтатиб туради.

- Ҳозир сотиб оламан, десангиз бозорда доллар йўқ. Байрам ўтиши билан кейин сотувга чиқаришади. Қиммат нархда сотиш учунда, дейди Мадина.

Тошкентлик сарроф Абдуллоҳ ҳам шу кунларда сотиш учун доллар йўқлигини айтар экан, бунга "закази борлигини" сабаб қилиб келтирди.

Бу йил байрам арафасида доллар нархининг бир кунда қарийб 300 сўмга тушиши ва яна икки кун ичида ошиб кетиши шаҳардаги йирик автосалонларда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган GM-Uzbekistan автомобилларининг айрим маркалари ўзбек сўмида сотувга қўйилгани билан боғланмоқда.

- Автосалонларни очворишди. Шу кунга қадар сўмга автомобил сотилмаётгандида. Ҳозир сўмга сотув бошланди. Шунинг учун ҳамма келиб долларни майдалаб, кассага сўм топширяптида. Шунга доллар нархи тушган эди, дейди тошкентлик сарроф.

Тошкентда GM-Uzbekistan автомобилларини сотувчи айрим салон ходимларига кўра¸ аксарият автосалонларда ҳақиқатда ҳам бир неча кундан бошлаб GM-Uzbekistan қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган айрим автомобиллар сотуви АҚШ долларидан ўзбек сўмига ўтказилган.

- Бизда кечадан бошлаб Captiva сўмда сотилишни бошлади. Бугунгача долларда эди. Бизга Ўзавтопром етказиб беради, улар шунақа қарор қилишган. Нимагалигини биз билмаймиз, - дейди, жумладан, пойтахтдаги Роҳат автомобил салони ходими.

Ўзавтопром раҳбариятидан эса бу борада аниқ жавоб олишнинг ҳозирча имконият бўлмади.

Ўзбекистонда шу кунларда бир АҚШ долларига белгиланган давлат нархи 1 795 сўм.

Қора бозорда қарийб 1000 сўмга қиммат бўлган нархнинг эса бундан манфаатдор бўлган ва бевосита ҳукуматнинг юқори эшелонларига бориб тақаладиган гуруҳлар томонидан манипуляция қилиниши тахмин этилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG