Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:37

Диндор маҳбуслар "раскрутка" қилинмоқда


Ўзбекистон қамоқхоналарида диний айблов билан қамалганларнинг жазо муддатини узайтириш амалиёти давом этаяпти.

Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган Ҳизбут-Таҳрир экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбланиб беш йилга озодликдан маҳрум этилган янгийўллик 30 яшар Олим Бойматов Каттақўрғондаги қамоқхона ички тартибини бузганликда айбланиб¸ жазо муддати узайтирилди.

2006 йилда Жиноят кодексининг 244/2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) бўйича қамалган Олим Бойматовнинг жазо муддати жорий йилнинг 18 ноябр куни тугаб, у озодликка чиқарилиши лозим эди.

Бироқ ушбу муддат тугашидан бир неча кун аввал унинг жазо муддати узайтирилиб, маҳкум қўшимча 3 йилу бир ойлик жазога тортилди.

Бу ҳақда тутқиннинг онаси Ҳадича Чалаҳ Озодликка маълум қилди.

- Ноябрда муддати тамом бўлдида. Борсам управлениега яна қўшиб қўйган экан 3 йил. Нарушение говорит. Улар энди управлениедан шунақа қилишган, деди Хадича Чалаҳ.

Хадича Чалаҳ қамоқдаги биринчи кунидан бошлаб ўғли мунтазам тарзда қийноққа солиниб келинаётганини айтади.

- Қаршида бўлганда. Нарушение қилиб ўзини уриб жағларини синдиришди. Ўғлим айтди¸ ни за что просто ëтар пайтида кирганлар кичкина хонага. 7-8та одам болани тепиб урганлар. Кўкартириб, орқасидан қон кетди. Жағларини синдириб, ëрдам қила олмагандан кейин шаҳарга олиб кетганлар болницага. Даже наркоз ҳам қилмаганлар. Ўғлим мени кўриб йиғлади. Мен энди ўламан¸ деб ўйладим, деди менга болам, дейди Хадича опа йиғлаб.

Онасининг айтишича¸ Олим Бойматов илгари безориликда айбланиб бир йил қамоқда ўтириб чиққан.

Хадича опанинг сўзларига кўра, болалигидан юрак хасталиги билан оғриган Олимнинг аҳволи ёмонлашмоқда ва унга тиббий муолажа зарур. Лекин қамоқхона раҳбарияти бу ҳолатга бепарволик билан қарамоқда.

Хадича опа ўғлининг ҳеч қандай гуруҳга аъзо эмаслигини айтади.

- Ëшлиги шундай ўтиб кетаяптида ўша ерда. Уни политический деб ҳисоблаяпти. Илгари у қамоқда бўлгани учун¸ тўғри юраман деб ичкиликни, чекишни ташлади. Намоз ўқишни энди ўрганган эди озгина. Уни илинтириб олиб кетишди. Ҳеч қанақа аъзо бўлмаган ўша Ҳизбут-Таҳрир деган нарсага. Кейин эшитдим. Унақа нарсадан хабаримиз ҳам йўқ. Бизларда ҳеч ким намоз ҳам ўқимайди. Ўрис мактабда ўқиган ҳамма болаларим, дейди Хадича Чалаҳ.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, расмий Тошкент диний маҳбусларни қамоқдан чиқармасликка ҳаракат қилиб келмоқда.

- Диний мотивлар билан қамалганларнинг ҳаммаси муддати ўтгандан кейин уларга нисбатан яна жиноят иши қўзғатилиб, уч йилдан 5 йилгача, гоҳида 6 йилгача яна қамоқ жазоси муддатини кўпайтиришади. Буларнинг қийноққа учратилаëтгани аниқ. Ҳар доим бу нарса система бўлиб қолган. Буйруқ Тошкентдан келиши аниқ. Булар бекитишмайди буйруқ билан қилишини. Мақсад уларни қамоқдан чиқармаслик. Иложи борича узоқ йиллар қамоқда ушлаб туриш мақсадида қилинаяпти.

Чиққандан кейин қасдини олиши мумкин тергов органларидан буларни ноҳақ қамашганлари учун. Ëки буларнинг кўпи бошқа давлатларга чиқиб кетади. Ўзбекистонда яшаб бўлмайди. Нимагаки буларни яна қамаши мумкин. Шунақа бўлмаслиги учун буларнинг муддатини чўзаверади, дейди Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG