Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:28

Асқаров учун кураш давом этади


Азимжон Асқаров қамоқхонада Қуръонни ёдлаётганини айтди.
Азимжон Асқаров қамоқхонада Қуръонни ёдлаётганини айтди.

Қирғизистонда бир умрлик қамоққа ҳукм қилинган ўзбек миллатига мансуб ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровни ҳимоя қилиш Халқаро қўмитаси ташкил этилади.

28 декабр куни Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун журналистлар билан бирга Бишкекдаги 47-қамоқхонада бўлиб, бу ерда сақланаётган Азимжон Асқаров билан учрашди.

Азимжон Асқаров учрашув пайтида 20 декбарда ўтган Олий суд маҳкамасидан сўнг бир неча кун ўзига келолмай юрганини айтди.

- Уч кун ўзимга келолмай юрдим. Бироқ дўстларимининг мадади билан иродамни тикладим. “Бу ҳали ҳаёт тугади, дегани эмас, кураш ҳали тўхтагани йўқ. Сен ахир ҳуқуқ фаолисан”, дейишди дўстларим, -деди Азимжон Асқаров.

Ҳуқуқ фаоли қамоқхонада ўзига яратиб берилган шароитлар яхши эканини, бироқ соғлиғи панд бераётганини ҳам гапириб ўтди.

Азимжон Асқаровга нисбатан 20 декбарда Олий суд ҳукми ўқилган эди. Олий суд Асқаровга нисбатан аввалги суд инстанциялари белгилаган бир умрлик қамоқ жазосини ўз кучида қолдирган.

Мазкур қарор халқаро ташкилотлар томонидан кесин танқид қилинди. Халқаро ташкилотлар баёнотларида Азимжон Асқаров тергов жараёнида қийноққа солингани, унга нисбатан айбловлар соҳталаштирилгани ҳақида гап боради. Бироқ Олий суд бу баёнотларга нисбатан ўз баёнотини бериб, унда Азимжон Асқаров қийноққа солинмаганини билдирган. Азимжон Асқаровнинг ўзи эса қийноқларга солинганини айтади.

Олий суд расмийси Бакитбек Рисалиев эса Асқаровга билдирилган айблов тўла исботлангани ҳақида баёнот берди.

- Халқаро ташкилотлар баёнотларида “Олий суд Асқаровга нисбатан ноқонуний ҳукм чиқарди, адвокатларнинг талаблари инобатга олинмади”, деб айтилади. Бироқ Асқаровниннг айблари тергов, туман ва вилоят судлари жараёнларида далиланган, -деди Бакитбек Рисалиев.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам халқаро ташкилотлар билан бир қаторда Азимжон Асқаров ноҳақ қамалганини, унинг айбсиз эканини таъкидлаб келадилар. Қирғизистон Омбусмени Турсунбек Акун эса Азимжон Асқаровни ҳимоя қилиш халқаро қўмитасини ташкил қилиш ташаббусини кўтарди.

- Мен Асқаровни озод қилиш бўйича Халқаро қўмита ташкил этиш ҳақида кеча ташаббус кўтарган эдим. Бугун Азимжон Асқаровдан бу ташаббусни амалга ошириш учун рухсат олдим, -деди Турсунбек Акун.

Азимжон Асқаров 2010 йил июн воқеалари пайтида Бозорқўрғон туманида тартибсизликларни уюштирганликда ва милиция ходимини ўлдирганликда айбланиб қўлга олинган эди. 2010 йилда унга нисбатан Бозорқўрғон туман суди ва кейинроқ Жалолобод вилоят суди бир умрлик қамоқ жазосини белгилаган. 2011 йилнинг 20 декбарида эса Қирғизистон Олий суди Азимжон Асқаров ишини кўриб чиқиб, унга нисбатан ўқилган ҳукмни ўзгартиришсиз қолдирди.
XS
SM
MD
LG