Линклар

Прокуратура ва ИИБ ходимлари рўмолини ечмаган ўқувчилар ота-оналарини шундан огоҳлантирмоқда.


Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида прокуратура, Ички ишлар бўлими, ҳокимият ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинидан иборат гуруҳ рўмолли ўқувчи қизлар ҳамда жума намози учун масжидга қатнаётган болаларнинг ота-оналарини бирма-бир огоҳлантиришни бошлаган.

Озодликка йўлланган электрон мактубда ëзилишича¸ туман Ички ишлар бўлимида 16 ва 20 декабр кунлари айни шу мавзуда махсус йиғилиш ўтказилган.

Хабар мазмунига кўра, 400 га қадар одам йиғилган ушбу йиғилишларда Шайхонтоҳур туман прокурори ҳамда Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарлари, туман ҳокими ўринбосари, туман Халқ таълими бўлими мудири ва шу каби бошқа юқори лавозимли раҳбарлар иштирок этган.

Хабарда айтилишича, расмийлар бирин-кетин қилган нуқтлари чоғида Ўзбекистонда қабул қилинган "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги, "Таълим тўғрисидаги"ги қонунлар ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг "Ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, диний ақидапарастликнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорларини тилга олишган.

Расмийларга кўра, ана шу норматив ҳужжатларга биноан ўқувчи қизлар мактаб ҳудудида рўмолда юрмаслиги, ўқувчиларнинг эса масжидга қатнамаслиги шарт.

Бу қонунга бўйсунмаган ўқувчиларнинг ўзи¸ шунингдек ота-оналари маъмурий жазо қўлланиши мумкинлигидан огоҳлантирилган.

Озодликка йўлланган электрон мактубга ушбу йиғилишда ота-оналардан имзо чекиш талаб қилинган огоҳлантирув қоғози ҳам илова қилинган.

Озодликка электрон мактуб орқали йўлланган огоҳлантирув қоғозидан нусха.

Озодликка электрон мактуб орқали йўлланган огоҳлантирув қоғозидан нусха.

Озодлик ушбу мактуб ортидан Шайхонтоҳур туман прокуратураси, Ички ишлар бўлими, туман ҳокимиятига мурожаат қилди.

Хусусан, огоҳлантирув қоғозида исми битилган Шайхонтоҳур тумани прокурори Б.Пўлатов идорасига мурожаатлардан аён бўлишича, мактубда тилга олинган ҳар икки йиғилиш бўлиб ўтган ва бундан буён бундай йиғилишларни мунтазам равишда ўтказиб боришга қарор қилинган.

Туман прокуратураси ходимларининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатларидан маълум бўлишича, бунинг учун махсус ходимлар бириктирилган.

Ўзини туман прокуратурасининг вояга етмаган фуқаролар билан шуғулланувчи махсус ходими Гулзода Довудова дея таништирган расмий Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди.

Лекин туман прокуратураси ходимлари билан микрофонсиз суҳбатлардан аён бўлишича, декабр ойи ўрталарида расман йўлга қўйилган огоҳлантирувга ҳануз бўйсунмаётган оз сонли ўқувчиларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақидаги сўровлар махсус комиссиялар эътборига тақдим қилинадиган бўлган.

Бундай комиссия туман ҳокимияти ва куч ишлатар тузилмалари вакилларидан тузилган.

Шайхонтоҳур туман прокуратураси ва Ички ишлар бўлими мутасаддилари шу кунга қадар қанча оилага нисбатан маъмурий жазо қўлланиши сўралгани ва қандай жазо турлари қўлланиши мумкинлиги ҳақидаги саволларга расман жавоб бермади.

Расмийлар билан микрофонсиз суҳбатлардан маълум бўлишича, бундай оилаларга аввалига икки бора энг кам иш ҳақининг 10-15 баробари миқдорида жарима, кейин эса 15 суткалик қамоқ жазоси қўлланиши мумкин.

Фарзандлари рўмол ва масжидга қатнаб намоз ўқишдан чекинмаётган оилаларга нисбатан қаттиқ жазо чоралари айнан Шайҳонтоҳур туманидан бошлангани сабабини расмийлар ушбу туманда ибодатли мусулмон оилаларнинг нисбатан кўп экани билан изоҳладилар.

Шайхонтоҳур туманида яшовчи бир неча оила билан қилинган суҳбатлардан маълум бўлишича, декабр ойининг ўрталаридан тақдим этилган расмий огоҳлантирув ўз натижасини бера бошлаган.

Огоҳлантирув мактубига қўл қўйдирилган оилаларнинг ўқувчилари жума намози учун масжидларга қатнашни¸ оз сонли рўмолли ўқувчи қизлар эса мактаб ҳудудига рўмол билан киришни тўхтатишган.

Ушбу туманда истиқомат қилувчи диндор оила бекаларидан бирининг Озодликка айтишича, унинг қизи таҳсил оладиган 81-мактабда рўмолли қизлар умуман қолмаган.

- Ўзи сентябр ойидан бери "Прокуратурага ёзиб берамиз", деб бизни қўрқитаверишгандан кейин қизим сентябрдаёқ мактаб ичида рўмолини ечган эди. Ҳозир мактабида битта ҳам рўмолли ўқувчи қолмади, дейди исми ошкор қилинмаслигини сўраган шайхонтоҳурлик оила бекаси Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонда ўқувчи қизларнинг рўмолини ечтириш, жума ёки бошқа намозлар учун масжидга қатнайдиган ўқувчиларнинг намозга қатновини тақиқлаш ҳаракатлари бир неча йиллардан буён кузатиб келинаётган эди.

2011-2012 ўқув йили аввалидан ҳокимият ва маҳалла фуқаролар йиғинидан иборат тарғибот гуруҳининг шу мақсаддаги фаолиятигакуч ишлатар тузилмаларининг юқори лавозимли мутассадилари ҳам бириктирилди.

Ушбу гуруҳлар аввалдан эълон қилинмаган тарзда тўғридан-тўғри мактаб синфхоналари, туман масжидларида рейд ўтказмоқдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG