Линклар

logo-print

2011 йил якунларини сарҳисоб қилаëтган мустақил Интернет нашрлари шундай хулосага келди.

Сарҳисобни Озодликдан бошласак.

“Ўзбекистон президенти яна бир неваралик бўлди” деб номланган мақола йил давомида муштарийлар томонидан энг кўп ўқилган хабар бўлди. 2011 йилнинг 4 июл куни эълон қилинган мақолада президент Каримовнинг иккинчи қизи Лола Каримованинг яна бир қизли бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Озодликнинг йил давомида энг кўп ўқилган бешлигининг иккинчи поғонасини “Wikileaks: Ўзбекистонда ҳукумат ва мафиянинг қўли бир” сарлавҳали мақола эгаллади.

Ўқишлилик даражаси бўйича “Ўш қирғини бўйича яна бир хулоса очиқланди” мақоласи учинчи¸ “Хайрулла Ҳамидов амнистияга тушмади” мақоласи тўртинчи ва “Тошкентда Ўш қирғинига оид фильм намойиш қилинди” мақоласи бешинчиликни эгаллади.

Биринчи бешликдан хулоса қилинадиган бўлса¸ 2011 йил давомида Озодлик сайтига кирувчи ўзбекларни асосан Ўзбекистондаги биринчи оиланинг жамоатчилик кўзидан панада кечаëтган ҳаëти¸ айни пайтда Қирғизистон жанубидаги ўзбекларнинг Ўш қирғинидан кейинги тақдири ва қамоқда қолаëтган диний эшиттиришлар муаллифи Хайрулла Ҳамидовнинг тутқунликдаги ҳаëтига оид ахборот энг кўп қизиқтирган.

Uznews.net мустақил Интернет агентлиги ҳам Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар ҳаëтига дохил янгиликлар тарқатиш мақсадида фаолият юрғизмоқда. Агентлик бош муҳаррири Галима Бухорбоеванинг билдиришича¸ 2011 йил давомида Uznews.net агентлиги муштарийлари ҳам асосан Ўзбекистон президенти ва унинг оиласи билан боғлиқ хабарларни энг кўп ўқишган.

- Бизнинг сайтимизда ҳам айни шу тамойил кузатилди. Ислом Каримов¸ унинг қизлари¸ Шавкат Мирзиëев каби унинг яқин атрофидагилар ҳақида ëзилган мақолалар муштарийлар ўртасида энг кўп қизиқиш уйғотди. Бунинг сабаби эса¸ Ўзбекистондаги сиëсий тузумнинг ўта ëпиқ ва ношаффофлиги билан боғлиқ. Мамлакатни бошқараëтганлар хаëлида нима гап бору¸ ҳукмдор эртага нима қилмоқчи¸ деган саволга жавоб олишнинг имкони бўлмагани боис¸ уларга тегишли зиғирдек бўлсин хабар¸ катта қизиқиш уйғотмоқда. Кичик бўлсин ҳар қандай хабар¸ ўзбекистонликларга мамлакатда ҳукм сураëтган асл вазият устига ëпилган махфийлик пардасини хиëлгина кўтариш имконини беради¸ дейди Галима Бухорбоева.

Uzmetronom.com Интернет нашри ўзини мустақил газета деб тақдим этса-да¸ кузатувчилар сайтнинг Ўзбекистон махсус хизматларидаги алоҳида гуруҳлар паноҳида иш олиб бориши¸ ана шу гуруҳлар томонидан сиздириладиган маълумот учун минбар эканини тахмин қилишади.

Йил давомида бу виртуал газета Ўзбекистондаги кадр ўзгаришлари¸ юқори эшелон ичидаги зиддиятга оид биринчилардан бўлиб хабар тарқатди. 2011 йил давомида бу хабарларнинг каттагина қисми ўз амалий тасдиғини топди¸ муайян қисми¸ хусусан Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирининг ишдан олиниб¸ қамалганига оид хабар тасдиқланмади. Бугунга келиб Ўзбекистон ичкарисидаги расмий ва норасмий гуруҳлар орасида анчагина машҳур бу газета бош муҳаррири Сергей Ежков ҳам¸ Ислом Каримов¸ унинг кадрлар сиëсатидаги рокировкалари ва Гулнора ҳамда Лола Каримова билан боғлиқ ҳар қандай хабар ўз муштарийлари томонидан чанқоқлик билан ўқилганини айтади.

- Ислом Абдуғаниевич билан¸ унинг кадр ўзгаришлари ¸ Гулнора ëки Лола Каримова билан боғлиқ нимаики хабар бўлса¸ нарх-навога оид янгилик бўлса¸ уларнинг бари энг кўп ўқиладиган хабарга айланади. Агар адашмасам¸ 2011 йил давомида энг кўп ўқилган мақола “Ислом Каримовнинг сўнгги муддати?” сарлавҳали мақола бўлди¸ дейди Uzmetronom.com Интернет газетаси бош муҳаррири Сергей Ежков.
Тилга олинган бу мақолада Ўзбекистонда президентлик муддатини 7 йилдан яна 5 йилга туширишга оид Ислом Каримов таклифининг парламентда маъқулланиши муносабати билан Каримовнинг бошқа президентликка даъво қилмаслиги ҳақидаги иддао ëзилган эди.

Марказий Осиë янгиликлар хизматининг CA-news.org Интернет саҳифаси 2007 йилдан бери минтақа давлатлари¸ хусусан Ўзбекистонга оид ижтимоий-сиëсий ва иқтисодий ахборот тарқатиб келмоқда. Сайтнинг 2011 йил якунига бағишлаб “Ўзбекистон бўйича 2011 йил якунлари. Энг кўп ўқилган 10 мақола” ҳисоботига кўра¸ АҚШнинг собиқ Давлат Котиби Кондолиза Райс мемуарларининг Андижон воқеаларига муносабат масаласида Вашингтонда юзага чиққан келишмовчиликка оид қисмига бағишланган мақола 2011 йилнинг энг кўп ўқилган биринчи хабарига айланган.

Марказий Осиë янгиликлар хизмати чоп этган “Қирғизистондаги этник ўзбеклар “иккинчи Путин”га овоз берди” сарлавҳали мақола энг кўп ўқилган иккинчи¸ айни пайтда¸ энг кўп шарҳланган биринчи мақола бўлган.

Айни пайтда¸ сайт Озодлик радиосидан кўчириб босган Марказий Осиëнинг қудратли аëлларига оид мақола 2011 йилда ўз машҳурлиги жиҳатдан учинчиликни эгаллаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG