Линклар

Ўзбекистон Қозоғистон электрини "ўғирлаш"га чек қўйишни ваъда қилди


Ўзбекистон Қозоғистон Ягона энергетик тизимидан шартномадан ташқари электр қувватини олишга чек қўйишни ваъда қилди, дея хабар тарқатди Қозоғистон расмийлари.

Казинформ агентлигининг хабар қилишича, Қозоғистон Саноат ва янги технологиялар вазири ўринбосари Бахитжон Жақсалиев етакчилигидаги делегация ушбу муаммони муҳокама қилгани пайшанба куни Тошкентга келган.

Мазкур вазирлик тарқатган хабарномага кўра, уйларни иситиш мавсуми бошланганидан бери Ўзбекистон энерготизими Қозоғистон ягона энерегетика тизимидан санкциясиз электр энергиясини ола бошлаган. Бунда суткасига 10 миллион кВт соат электр ҳақида гап бораётгани айтилмоқда.

“Ўзбекэнерго” давлат ширкатининг бундай ҳаракатлари Қозоғистон жанубида аҳолига электр етказиб беришда узилишларга сабаб бўлгани айтилмоқда.

Расмий хабарномада айтилишича, Ўзбекистон томони электр қувватини сакнциясиз олиш, яъни оддий қилиб айтганда, “ўғирлашга” чек қўйишни ваъда қилган ва шартномадан ташқари олинган электр учун товон пули тўлашга розилик берган.

Бундан ташқари қозоқ делегацияси Ўзбекистон томони қўшни мамлакатнинг Жамбил электр станциясига берилаётган табиий газ миқдорининг қисқартирилгани масаласини ҳам кўтаргани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG