Линклар

logo-print

Россияда фуқаровий жамият уйғонмоқда


Академик Сахаров проспектида 24 декабр куни ўтказилган аксил-Путин намойишида тахминларга кўра¸ 100 мингдан ошиқ одам иштирок этди.

Академик Сахаров проспектида 24 декабр куни ўтказилган аксил-Путин намойишида тахминларга кўра¸ 100 мингдан ошиқ одам иштирок этди.

2011 йилнинг декабр ойида Россия бўйлаб Путин ҳокимиятига қарши юзага чиққан норозилик намойишлари Совет иттифоқи қулаганидан бери мамлакатда кузатилган энг йирик оммавий чиқишлар бўлди. Бу жараëн эса таҳлилчилар томонидан Россия фуқаровий жамиятининг уйғониши белгиси сифатида кўрилмоқда.

Ўз тенгқурлари каби 27 яшар Александр Горбачëв ҳам яқинларгача менинг ҳаëтимга сиëсатнинг дахли йўқ¸ деган ишонч билан яшади.

2001 йил кузида Москвага кўчиб келган Александр Россиядаги нуфузли Россия Давлат гуманитар университетини тугатгач¸ “Афиша” вебжурналига бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишга кирди.

“Мен ўзим мансуб авлод тарихий имкондан маҳрум қолган¸ деб ўйлаб юрардим. Кейинги 10 йиллик ҳаëтимда нолиш-шикоятга деярли асос йўқ эди. Яхши ишим¸ мансабим¸ бойлигим бор ва маззагина қилиб яшаб келаëтган эдим. Аммо буларга қарамай¸ бир пайт келаркан¸ ўшанда одам ўзидан кўра каттароқ бир нарсанинг таркибий қисмига айлангиси келади. Айниқса¸ 150 миллион одам яшайдиган улкан бир мамлакатда. Бундай пайтда одам ўзининг фақат шу ҳудудга мансублигини эмас¸ балки бу ҳудуд ҳам ўзига мансублигини ҳис этгиси келаркан”¸ деб ëзди ўзининг аксил-ҳукумат намойишларига нега чиққанини изоҳлаган мақоласида Александр Горбачëв.



Бу йигитнинг сиëсий лоқайдликдан фаолликка ўтиши шу пайтгача ўзини сиëсатдан ташқарида ҳисоблаб келган россиялик ëш кадрлар зеҳниятидаги ўзгариш рамзидек. Зотан айни шу янги авлод аксил-путинчи намойишлар ўзагини ташкил қилди.

2011 йил давомида Россия шаҳарларида яшовчи ўрта табақа ичида сиëсий уйғониш бошланди¸ дейди “The Economist” журналининг Россия бўйича таҳлилчиси¸ “Янги совуқ уруш” китоби муаллифи Эдвард Лукас.

- Москва ва Санкт-Петербург кўчаларига чиққанларнинг аксари ўз хусусий ҳаëтидаги танлов имкони ва ҳашаматга кўниккан ўрта қатлам вакилларидир. Бу қатлам ўз шахсий ҳаëтидан ташқарида - жамият доирасида¸ давлат сиëсати боис¸ ўз танлов имкони чекланиб бораëтганидан огоҳ тортди. Уларнинг ҳаëти яхши бўлишига қарамай¸ давлатнинг ëмон иш қилаëтгани борган сари очиқ кўриниб қолди¸ дейди Эдвард Лукас Озодлик билан суҳбатда.

4 декабр кунги парламент сайловлари натижасининг Владимир Путинни қайта ҳокимиятга олиб келиш сценарийсига замин ҳозирлаш мақсадида сохталаштирилгани¸ боз устига давлат эшелонларидаги коррупция ва порахўрларнинг жазосиз қолиб келаëтганидан туғилган ғазаб Россиядаги ўзига тўқ шаҳарликларни Интернет воситасида ўз кучини сафарбар қилишга ундади.

АҚШ даги Ҳарбий тадқиқот институтининг Россия бўйича мутахассиси Николай Гвоздëв Кремл элитаси ўрта қатламнинг сиëсий уйғонишини пайқамай қолганини айтади.

- Бу норозилик мукаммал бўронга айланди. Менимча¸ бу бўроннинг келаëтганини олдиндан сезиш қийин эмас эди. Аммо сиëсий тузум ичидагилар кўзига ë бу бўрон одатий шамолдек кўринди¸ ëки уни писанд қилмадилар¸ ëхуд улар бу бўрон кучидан ўзим учун фойдаланаман¸ деб ўйладилар¸ дейди Гвоздëв.

Бундай нотўғри хомчўт сабаби жўн – яқинларгача Россия шаҳарларидаги ўрта қатлам ўзига бойиш ва барқарор лик имконини бергани учун Путиндан миннатдор ва бу барқарорлик учун айрим сиëсий ҳақлардан воз кечишга ҳам монеълик қилмай келаëтган эди. Аммо дунë сиëсий тарихида кўп кузатилгани каби¸ Россияда ҳам ўзига тўқ ўрта қатлам ўзига ишончи кучайган сари кўпроқ сиëсий эркинлик талаб қилишга ўтди.

Гвоздëвга кўра¸ ҳозирга келиб Путин ўз муваффақиятининг қурбонига айланган.

- 1999-2000 йилларда Путин Россияни қандай кўриши тарҳини чизиб берган ва бугунга келиб у ўзи ўстирган дарахтнинг меваларини емоқда. Россиядаги ўрта қатлам бугун бир-бири билан кўпроқ боғланган ва замонавийлашган. Айни шу ривожланиш йўлини танлаш¸ асосий диққатни иқтисодга қаратиш¸ асосий ўзагини ўрта қатлам ташкил этувчи жамият яратиш орқали Путин бугун ўз қаршисида ўзига қарши чиқаëтган қатламни ўзи яратди ва энди бу қатлам ўз талаби қондирилишини сўрамоқда¸ дейди россияшунос таҳлилчи Гвоздëв.

2011 йилда россияликларнинг 43 фоизи¸ қарийб 60 миллиони учун кундалик коммуникация воситасига айланган Интернет¸ ундаги ижтимоий тармоқлар Москва ва Санк-Петербургда декабр ойи юзаг чиққан норозилик намойишлари учун асосий платформага айланди. Ўрта қатлам норозилигини сафарбар қилишда ҳукумат расмийларининг коррупционерлиги акс этган видеолавҳаларнинг YouTube порталига мунтазам қўйилиши ҳам муҳим рол ўйнади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG