Линклар

logo-print

Ўзбекистон фуқароси оммавий қотилликда айбланди


Жиноий гуруҳ ўз қурбонларини асосан электричкалардан излаган.

Жиноий гуруҳ ўз қурбонларини асосан электричкалардан излаган.

Москвада 17 кишини ўлдирганлик ва яна 15 нафарига жароҳат етказганликда айбланганлардан бири Шуҳрат Жўраевдир.


Жума куни Подмосковьенинг Раменское шаҳрида Москва вилояти электропоездларида ўз “ўлжаларини” заҳарлаб ўлдирган 25 яшар Алексей Виготский ва унинг ўзбекистонлик шериги Шуҳрат Жўраев устидан суд ҳукм чиқарди.

Уч йил давомида йиғилган 300 томли жиноий иш материалига таянган Раменское шаҳар судяси жиноий гуруҳ раҳбари¸ асли владивостоклик Виготскийни 17 одам ўлими ва яна 15 киши соғлигига оғир жароҳат етказганликда айбдор деб топди ва унга 22 йилу 3 ой қаттиқ режимли қамоқ жазоси тайинлади.

Суд қарорига кўра, Россия Жиноят Кодексининг 111-(қотиллик), 162- (талон-тарож) ва 158-(ўғирлик) моддалари бўйича айбдор деб топилган ўзбекистонлик 40 яшар Шуҳрат Жўраев умрининг 15 йилини қаттиқ режимли қамоқда ўтказишга ҳукм қилинди.

Судланганларнинг яна бир шериги¸ саратовлик 26 яшар Илья Трубанов суд ҳукмигача етиб бормади: Трубанов камерада ўзини ўлдиргач¸ унга нисбатан жиноий иш тўхтатилди.

Ҳуқуқ идоралари баëнотига кўра¸ Алексей Виготский ва унинг шерикларини ушлаш ишига катта полициячилар гуруҳи жалб этилган. Узоқ вақт Москва вилоятидаги электричкаларда ҳалок бўлганлар ўлими¸ врачлар ўлимнинг юрак хуружи оқибатида содир бўлганини тасдиқлаб тургани боис¸ ҳеч кимда шубҳа туғдирмаган.

“ Лекин бу тасодиф бир неча марта такрорлангандан кейин, ўлганлар жасади қайта экспертиза қилинди ва уларнинг заҳарланиб ўлгани аниқланди”, дейди Россия Тергов қўмитаси Бош бошқармаси матбуот котиби Владимир Маркин.

- Жиноятчилардан бирининг шахси ўғирланган кредит картасидан пул олаётган пайтда банкоматларда ўрнатилган видеокамералар ёрдамида аниқланди. Уларнинг фотолари тарқатилди. Терговчилар жиноий гуруҳ бир хил схемада ишлаганини аниқлашди. Тергов давомида 500 дан зиёд одам сўров қилинди, дейди журналистлар олдида қилган чиқишида Владимир Маркин.

Терговчиларга кўра, Виготский пойтахтнинг Қозон ва Курск йўналишидаги электричкаларда ширакайф йўловчиларга фарзандлик бўлганини ювиш баҳонасида ичига ўта кучли психотроп модда – азалептин қўшилган алкогол таклиф қилган.

Шезофрения касаллигига чалинганларни даволашда ишлатиладиган бу препарат уни ичганларда мия гипоксиясини келтириб чиқарган ва юрак уришини тўхтатган.

Виготский режасини охиригача амалга ошириш учун жиноятга жалб қилинган ўзбекистонлик Шухрат Жўраев ва Илья Трубанов психотроп модда қўшилган ароқ ичиб ҳушидан кетган шахс киссасидан қимматбаҳо буюмларни ўмарган ва жиноят жойидан ғойиб бўлган.

Шу тариқа бу гуруҳнинг қилмиши оқибатида 17 киши нобуд бўлган, яна 15 киши оғир аҳволда реанимацияга ётқизилган. Врачлар маҳкамага тирик қолган шахслар соғлигига жуда катта зарар етгани, кўпларининг эса нейролептик таъсири остида бедаво касалга чалинганини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган.

Москвалик Натальянинг ўғли Максим - Виготский гуруҳи қурбонларидан бири. Она Раменское суди томонидан Виготскийга берилган 22 йиллик қамоқ жазосидан норози.

- У ҳеч кимдан кечирим ҳам сўрамади. Жим ўтирди ва ўзининг бегуноҳ эканини гапирди. Биз унга нисбатан энг олий жазо берилишига ишонган эдик. Ахир у озодликка чиқса янада даҳшатлироқ жиноятларга қўл уриши турган гап, дейди ўз ўғлидан айрилган москвалик Наталья.

Аввалги жинояти учун берилган жазодан сўнг бор-йўғи уч йил олдин озодликка чиққан Алексей Виготский бир йилдан ортиқ вақт давом этган тергов давомида ўзининг айбдор эмаслигини гапириб келди.

-Бу мен эмас. Фараз қилинг, бунча жиноятни бир киши қила олмас эди. У биринчи ўликни кўрибоқ қочиб кетарди, деб асослашга уринди айбсизлиги ҳақидаги иддаосини Алексей Виготский.

Аëн бўлишича¸ тергов давомида Виготскийнинг ўзи ўйлаб топган жиноий режа ортидан анчагина маблағ топгани ва бу пулларга ўз маъшуқасига қимматбаҳо совғалар олиб бергани аниқланган.

Озодлик мухбири ўзбекистонлик Шуҳрат Жўраевнинг шахсига оид тафсилотларни ўрганиш мақсадуда Раменское маҳкамаси¸ Тергов қўмитаси ва бошқа адлия идораларига мурожаат қилди¸ аммо Россияда бошланган Янги йил байрами муносабати билан керакли расмийларни ўз ўрнидан топишнинг имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG