Линклар

logo-print

Янги йил қачондан бошлаб байрам қилинади ва хориж давлатларида бу сана билан боғлиқ қандай анъаналар бор?

Янги йил Ўзбекистонда кимлар учундир орзиқиб кутиладиган байрам, кимлар учундир эса оддий кунлардан бири.

Ҳар гал Янги йил арафасида Озодлик интернет саҳифаси муштарийлари ўртасида “Бу кунни байрам қилиш керкми ёки керак эмасми?” қабилида баҳс бошланади. Шундан келиб чиққан ҳолда қуйида бу байрам тарихи ва уни қайси давлатларда қандай нишонлашлари ҳақида қисқагина маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Янги йил эрамиздан олдин ҳам нишонланган

Тарихий манбаларда ёзилишича, Янги йил эрамиздан аввалги учинчи минг йилликда Месопотамияда нишонлана бошлаган. Улар ўз календарларига мувофиқ, эски йилнинг сўнгги кунида янги йилнинг кириб келишини байрам қилишган.

Эрамиздан олдинги 46 йилда Рим императори Юлий Цезар 1 январни йил боши сифатида жорий этган. Кўпхудолик ақидаси ҳукм сурган қадимги Римда бу кун танлов, эшиклар ва барча бошланишлар худоси Янусга бағишланган. Январ ойи номи ҳам Янус атамасидан олинган.

Марказий Осиёда Янги йилнинг нишонланиши Шўролар даврига бориб тақалади. Совет Россиясида Янги йил расман 1919 йилда жорий этилди. Бироқ 31 декабр ҳам, 1 январ ҳам иш кунлари бўлиб қолаверди.

1947 йилнинг 23 декабрида СССР Олий Кенгаши фармони билан 1 январ байрам ва дам олиш куни деб эълон қилинди.

Айрим давлатларда Янги йилнинг ўрнига Рождество байрами нишонланади. Бу байрам насронийлар ақидаси бўйича Исо Масиҳнинг қайта тирилиши билан боғланади. Бу куни Рождество арчаси ясатилади. Рождество ғарб давлатларида 25 декбарда, православ черкови томонидан эса 7 январда нишонланади.

Ким қандай нишонлайди?

Британияда хонадон арчадан ташқари инглизлар "қуш елими" деб атовчи ўсимлик билан безатилади. Истаган одам уйнинг ўртасида қуш елими гулдастасини ушлаб турган одамдан бўса олиши мумкин.

Италияда Янги йил арафасида эски буюмлар аҳлатга ташланар экан.

Французларнинг Қорбобоси Пер Ноэл янги йил тунида болаларнинг оёқ кийимларни соғалар билан тўлдиради. Францияда янги йил ширинкулчасининг бир қисми дукаккли бўлади. Кимга ширинкулчанинг дуккакли қисми тўғри келиб қолса, ўша одам Дуккак қироли мақомига эга бўлади ва янги йил оқшомида ҳамма унинг кўрсатмаларига бўйсуниши анъанага айланган.

Швецияда эса Янги йил арафасида Ёруғлик маликаси Люцияни танлашади. Унга оқ кўйлак кийдиришиб, бошига шам ёқилган тож қўндиришади. Люция болаларга совғалар, уй ҳайвонларига эса ширинликлар тарқатади.

Болгарияда Янги йил тунида уч дақиқага чироқ ўчириш одати бор экан. Буни болгарлар “Янги йил бўсалари дақиқаси” деб аташади. Чироқ ўчгач, ким кимдан бўса олгани сирлигича қолади.

Кубада Янги йил арафасида барча идиш-товоқларга сув тўлдирилади. Ярим тунда эса сув уй деразасидан ташқарига сепилади. Кубаликлар бу билан “Янги йилда ҳаётимиз сувдай тоза бўлсин”, деб ният қилишар экан. Бундан ташқари кубаликлар Янги йил кириб келаётган пайтда, яъни соат курантлари бонг ураётган вақтда 12 узум донасини танаввул қилишар экан. Узум, кубаликлар наздида, бағрикенглик, меҳрибонлик, биродарлик ва тараққиёт рамзи экан. Бундай одат Испанияда ҳам мавжуд.

Японияда Янги йил тунида 108 марта бонг чалиш одати бор. Ҳар бир бонг бахллик, аҳмоқлик, ғазаб, енгилтаклик каби салбий ҳислатларни англатар экан. Японияликлар бонг чалиниши билан бу каби ҳислатлар Янги йилда уларни “безовта қилмаслигига” ишонишади.

Мянмада Янги йил йил байрами энг иссиқ кунларга тўғри келар экан. Шунинг учун бу мамлакатда Янги йилда “Сув фестивали” ўтказилади. Одамлар Янги йилда бир-бирларига сув сепишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG