Линклар

Президент қарорига кўра, 1 январдан бошлаб оммавий ахборот воситалари учун айрим солиқ ставкалари қисқартирилди.


Президентнинг матбуот учун янги йил совғаси


Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 30 декабрдаги “Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлари бериш тўғрисида”ги қарорига кўра, янги йилнинг 1 январидан бошлаб микрофирмалар ва кичик корхоналарга мансуб бўлган оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, полиграфия ташкилотлари, телерадиоэшиттириш компаниялари учун ягона солиқ тўлови ставкалари 6 фоиздан 5 фоизга камайтирилди.

Президент Каримовнинг матбуот ташкилотлари учун “янги йил совғаси” сифатида талқин этилаётган мазкур қарорга кўра, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузуридаги “Ижод” жамғармасига нашриёт ва матбаа ташкилотлари чоп этилган маҳсулотларни сотишдан, муҳаррирлик хизматлари, полиграфия ва нашриёт хизматларини кўрсатишдан тўлайдиган мажбурий ажратмалар миқдори ҳам икки фоиздан бир фоизга пасайтирилди.

Эндиликда газета, журналлар ва китоб маҳсулотларини чакана сотишдан ихтисослашган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қаътий белгиланган солиқ ставкаси ўрта ҳисобда икки баробарга камайтирилди.

Андижондаги хусусий телекомпаниялардан бирининг маъсул ходимига кўра, Ўзбекистондаги мустақил теле ва радио компанияларнинг деярли барчаси кичик корхона мақомига эга бўлиб, улар учун ягона солиқ тўлов ставкаларининг пасайтирилиши мазкур компанияларнинг равнақ топишига хизмат қилиши учун амалга оширилмоқда.

"Мана эндиликда кичик корхона таркибига кирувчи матбуот ташкилотларидаги ходимларнинг ўртача йиллик чекланган сонини 50 нафардан 100 нафарга кўтариши ҳам жуда мақбул иш бўлди", дейди андижонлик журналист.

Хоразмдаги мустақил телеканаллардан бирида фаолият кўрсатувчи журналист ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, кейинги йилларда мустақил телерадиокампанияларни ривожлантириш учун ҳукумат томонидан жуда кўплаб қарорлар эълон қилинган.

Президентнинг сўнгги қарорини янги йилда матбуот ташкилотлари учун муносиб совға сифатида баҳолаган хоразмлик журналист улар фаолиятига фақатгина қонунда йўғу, амалда мавжуд цензуранининг ҳалақит қилишидан ҳам гапирди.

“Кейинги пайтда Ўзбекистонда мустақил телекомпаниялар фаолиятига жуда катта эътибор берилмоқда. Агар фаолиятимиздаги кўринмас цензура олиб ташланганида бизда мустақил телевидениелар жуда ҳам ривожланиб кетишига имкон бор” дейди хоразмлик журналист.


Матбуот ривожи учун берилган имтиёзлар


Оммавий ахборот воситалари, нашриёт, полиграфия корхоналари ва матбуот тарқатувчи ташкилотларни янада ривожлантириш мақасадида қабул қилинган президентнинг сўнгги қарорига кўра, эндиликда ушбу ташкилотлар ижтимоий-сиёсий ҳамда болалар адабиётини, имконияти чекланган шахслар учун адабиётларни сотишдан олинган фойдадан фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузулмани ривожлантириш солиғини тўлашдан озод этилди.

Шунингдек, 1 январдан бошлаб мазкур корхоналар ўз маҳсулотларини сотиш ва кўпайтиришдан оладиган даромади учун йўл жамғармаси ҳамда таълим ва тиббий муассасалар таъмирига ажратиладиган мажбурий ажратмалар тўлашдан холос бўлди.

Эндиликда президент марҳаматига мувофиқ матбуот корхоналари қоғоз, полиграфия материаллари ва бошқа ускуналар учун божхона тўловларидан беш йил муддатга озод этилди.

1 январдан бошлаб оммавий ахборот воситалари ва китоб маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари қўшилган қиймат солиғига ҳам тортилмайди.

Ўзбекистон парламенти мустақил матбуот ривожидан мамнун


Расмий маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда нодавлат оммавий ахборот воситалари сони икки баробарга ошган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлис қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари қўмитасининг сўнгги йиғилишида маълум қилинди.

Бугунги кунда мамлакатда 1243 та нодавлат оммавий ахборот воситалари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 160 дан зиёди мустақил веб-сайтлар, 43 фоизи босма нашр, 53 фоизи телеканал ва 85 фоизи радиоканаллардир.

Айни пайтда халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг ўта ночор аҳволда эканини таъкидлаб келадилар.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси¸ Ҳюман Райтс Уотч каби ташкилотлар Ўзбекистонни матбуот эркинлигини жиддий топтаëтган давлатлар сифатида танқид қилиб келмоқдалар.

АҚШдаги нуфузли Freedom House - Озодлик уйи ташкилоти ҳам йиллардан бери Ўзбекистонни матбуоти эркин бўлмаган давлатлар қаторига қўшди.

Расмий Тошкент эса бу каби танқидларни деярли эътиборсиз қолдириб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG