Линклар

logo-print

2012 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда бензин нархи 25 сўмга ошди.

Нарх ошиши автомобил ёнилғиси истеъмоли учун жисмоний шахслардан олинадиган солиқ миқдори ошгани билан боғланмоқда. Эндиликда мазкур солиқ ҳажми бир литр ёнилғи учун аввалгидек 175 сўмни эмас, балки 200 сўмни ташкил этади.

Шу тариқа бугундан эътиборан Ўзбекистон АЁҚШларида Аи-80 бензини ва солярка нархи 1605 сўм, Аи-91 бензини 1770 сўм, Аи-95 бензинининг нархи эса эса 1955 сўм қилиб белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилнинг 1 январида ҳам автомобил ёқилғиси истеъмоли учун жисмоний шахслардан олинажак солиқнинг ошгани важи билан Ўзбекистонда бензин нархи 30 сўмга оширилганди. Шундан сўнг АЁҚШда сотилаётган Аи-80 бензини ва дизел ёқилғиси учун белгиланган нарх 1435 сўмни, Аи-91 учун белгиланган нарх 1585 сўмни, Аи-95 учун белгиланган нарх эса 1755 сўмни ташкил қилганди.

2011 йилнинг 1 августидан Ўзбекистонда ҳукумат қарори билан бензиннинг чакана нархи 10 фоизга оширилган, Аи-80 бензини 1580 сўмдан, Аи-91 1745 сўмдан, Аи-95 1930 сўмдан сотила бошлаганди. Premium Euro-95 русумли бензин нархи эса 3200 сўмга (аввалги нархи 3000 сўм) чиққанди.

Ўтган йилнинг сўнгги ойларида Ўзбекистоннинг турли жойларида, хусусан, пойтахт Тошкентда ёнилғи тақчиллиги кузатилди. Бу ҳақда Озодликка сўзлаган таҳлилчилар ёнилғи тақчиллигини мамлакатдаги нефт қудуқларининг таги кўриниб қолгани билан изоҳлагандилар. Таҳлилчиларга ишониладиган бўлса, галдаги нарх ошиши ҳам Ўзбекистон ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида бензин ва солярканинг сероб бўлишига сабаб бўлолмайди.

Янги йил арафасида ўзбекистонликларга байрам табриги йўллаган президент Ислом Каримов ҳам мамлакатда асосан қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган ютуқлардан сўзлади, техника замонида турмушнинг асосий ҳаракатлантирувчи омилларидан бири бўлган ёқилғи таъминотида амалга оширилаётган ёки амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳақида эса лом-мим демади.

REGNUM агентлигининг Ўзбекистон давлат статистика қўмитасига таянган ҳолда ёйинланган сўнгги маълумотларига кўра, мамлакатда бензин ишлаб чиқариш жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида ўтган йилга нисбатан 2,6 фоиз (1,009 миллион тонна), керосин 4,5 фоиз (260,3 минг тонна), дизел ёқилғиси 1,1 фоиз (845,5 минг тонна), сиқилган газ ишлаб чиқариш эса 4,4 фоиз (191,8 минг тонна) га камайган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG