Линклар

Халқаро Матбуот институти 2011 йилда Оммавий ахборот воситалари аҳволи энг оғир бўлган, аммо Ғарб давлатлари ўзига дўст тутган 10 мамлакат рўйхатини эълон қилди.

Ташкилот ҳисоботида айтилишича, бу рўйхатда Афғонистонга чегарадошлиги билан АҚШ учун стратегик нуқта бўлиб қолаётган ва шунинг учун Ғарбга дўст, деб кўрилган Ўзбекистон ҳам бор.

Аммо ташкилот хулосасига кўра, айни кезда Ўзбекистон матбуотга душмандир ва бу хулосага асос ўлароқ, ўзбек матбуотининг ҳануз мутлақо бўғилган ҳолда қолаётгани, камида 10 журналистнинг қамоқхоналарда жазо ўтаётгани келтирилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда матбуотнинг муттасил босим остида эканига мисол қилиб, 2011 йилнинг май ойида ўзбек халқини ҳақорат қилганлик учун айбдор, деб топилган Америка овози мухбири Малик Бобоев ва сал муқаддам давлатлараро низо қўзғаганликда айбдор, деб топилган Vesti.uz нашри муҳаррири Александ Березовскийлар номи тилга олинган.

Халқаро Матбуот институти ўз ҳисоботида президент Ислом Каримовнинг қизи Лола Каримованинг Францияда чоп этиладиган Rue89 нашри билан судлашувини ҳам эсга олган.

Ушбу институт томонидан "Ғарбга дўст, матбуотга душман", деб топилган давлатлар орасида Ўзбекистондан ташқари Туркия, Саудия Арабистони, Эфиопия, Туркманистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Афғонистон, Покистон бор.
XS
SM
MD
LG