Линклар

logo-print
Сурияда зўравонликлар давом этаётган шаҳарлардан ҳукумат қўшинлари олиб чиқилди.

Бу ҳақда кеча Қоҳирадаги матбуот анжуманида маълум қилган Араб Лигаси раиси Набил ал-Арабий айни пайтда уйларнинг томларига ўрнашиб олган снайперлар намойишчиларни ўққа тутишни давом эттираётганини айтиб, зудлик билан отишмани тўхтатишга чақирди.

Суриядаги фаолларнинг маълум қилишича, Араб Лигаси кузатувчилари Суриядаги фаолиятини бошлаганидан буён жами 150 дан зиёд одам ҳалок бўлган.

27 декабр куни Араб Лигасининг 50 нафар кишидан иборат кузатувчилар гуруҳи Сурияга етиб борган эди. Айни пайтда Сурияда 100га яқин кузатувчи фаолият кўрсатаётгани айтилмоқда.

Бу Араб Лигаси томонидан Сурияда тинч норозилик намойиши иштирокчиларига қарши ҳукумат қўшинлари зўравонлигини тўхтатиш доирасидаги режалардан бири эди.

Ғарб давлатлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари президент Башар ал-Ассадни зўравонликларда айбдор санайди.

Ассад режими эса тартибсизликлар ортида қуролли террорчилар турганини иддао қилиб келмоқда.

Сурия президенти Башар Ассад режимига қарши 10 ойдан буён давом этаётган норозилик чиқишлари иштирокчиларига қарши куч қўлланиши оқибатида, БМТ ҳисоб-китобича, 5 мингдан зиёд киши ўлдирилди.
XS
SM
MD
LG