Линклар

logo-print

Улардан 3 таси ҳукуматга қарашли, 2 таси мустақил, 1 таси тергов-суриштирув комиссиясидир.


Қозоғистон расмийлари Жанаўзен воқеалари бўйича шаффоф текширув ўтказишга ваъда бераётган бир пайтда олтита комиссия қон тўкилиш сабабларини ўрганмоқда.

Жанаўзен воқеаларининг дастлабки кунлариданоқ “АЗАТ” Умуммиллий социал-демократик партияси ташабусси билан мустақил жамоатчилик комиссияси ташкил қилинди.

Мазкур комиссия вакиласи Зауреш Батталовага кўра, Ақтау ва Жанўзен аҳолисига нисбатан ҳукумат томонидан босимлар бўлаётгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

17 декабр куни Қозоғистон Бош вазири Умирзоқ Шукеев бошчилигида ташкил қилинган ҳукумат комиссияси таркибига Манғистау вилоятининг янги хокими Бауржон Муҳаммаджонов ва бошқа бир қанча нуфузли лавозим эгалари киритилган.

Қозоғистон Бош прокуратураси билан мамлакат Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигидаги тергов-суриштирув комиссияси фаолияти ҳақида айни пайтда Озодликда аниқ маълумотлар мавжуд эмас.

23 декабр куни шахсан президент Назарбоев ташаббуси билан ташкил қилинган жамоатчилик комиссияси, асосан, иқтидордаги "Нур Отан" партияси аъзоларидан таркиб топган.

Мазкур комиссия вакили Умирзоқ Ўзганбоевга кўра, Ақтау, Жанўзен ва Шетпеда комиссия бўлимлари ташкил қилиниб, аҳолидан воқеага оид шикоятлар қабул қилинмоқда.

Бироқ Ўзганбоевга кўра, Жанаўзен воқеаларини уюштиришда айбланиб, Манғистау ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг қийноққа тутилгани, калтаклангани ҳақида уларга бирорта ҳам шикоят тушмаган.

Айни пайтда ушбу комиссияга параллел равишда фаолият кўрсатаётган Манғистаудаги касаба уюшмалари вилоят бўлими томонидан ташкил қилинган комиссия ўзини мустақил деб эълон қилган.

Комиссия вакили Жўмарт Айдарбекка кўра, айни пайтда уларга мурожаатлар кам бўлаяпти.

"Асосан телефон орқали мурожаатлар бўлаяпти. Тўғридан тўғри гапиришга қўрқишади" дея тан олади Айдарбек жаноблари.

Қозоғистондаги "Халқаро қамоқхона ислоҳати" ноҳукумат ташкилоти билан Чимкент, Қизилўрда ва Ақтаудаги жамоатчилик ташкилотлари ҳамкорлигидаги навбатдаги комиссия Жанаўзен ва Ақтаудаги ҳибсхоналарга киришга Қозоғистон Бош прокуратурасидан рухсат олган эди.

Бироқ айни пайтда комиссиянинг кейинги фаолияти борасида матбуотга маълум эмас.

Шунингдек, Жанаўзенда ишга жойлаштириш масалалари бўйича махсус комиссия ишдан ҳайдалган ишчиларнинг мурожаатларини ўрганиш мақсадида ташкил қилинган.

16 декабр куни Қозоғистон ғарбидаги Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳри марказида полиция ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувда, расмий маълумотларга кўра, 16 одам ҳалок бўлган.

Жанаўзенлик нефтчилар етти ойдан буён маошларини оширилишини талаб қилиб, шаҳар марказида норозилик намойишини ўтказиб келаётган эди.
XS
SM
MD
LG