Линклар

Тожикистонда янги йил кечаси “Қорбобо”ни пичоқлаб ўлдирганликда гумонланган уч нафар шахс ҳибсга олинди.


Тожикистон Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Қорбобо кийимида бўлган 24 ёшли фуқаро Парвиз Давлатбеков номаълум гуруҳ томонидан чавақланган.

Марҳумнинг яқинларидан бири Рустам Жонининг айтишича, Қорбобо кийимида бўлган Парвиз Давлатбеков ўртоқлари билан бирга таниш- билишларини табриклаш учун Душанбе шаҳарининг Сино туманидаги кўп қаватли уйлардан бирига кираётиб, ўттиз кишилик оломон ҳужумига учраган.

- Жиянимнинг Қорбобо кийимини кийгани уларга ёқмаган. Унга: “Сен кофирсан”, дейишган. Уларга жавобан жияним ҳам паст келмай, ҳуқуқларини поймол қилишга ҳақсиз эканларини айтган. Шу орада муштлашишган. Уларнинг кўпчилиги Парвизга ҳамла қилган ва камида тўртта пичоқ санчишган, - деди Рустам Жони.

Рустамнинг айтишича, оғир тан жароҳати олган Парвиз 2 январга ўтар кечаси шаҳар шифохоналарининг бирида жон таслим қилган, унинг жонсиз тани Бадахшон вилоятидаги қишлоғига олиб кетилган.

Шифокорларга кўра, Парвиз кўп қон йўқотган, қон қуйиш эса фойда бермаган.

Аснода Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Маҳмадулло Асадуллоев Парвиз Давлатбековни ўлдирганликда гумонланаётган уч нафар талаба ҳибсга олинганини ва бу иш юзасидан жиноят иши ҳам очилганини билдирди.

- Тожикистон Миллий университетининг ”Қорбобо”ни ўлдирганликда гумонланаётган студентлари Шараф Давлатов ва унинг шериклари Фаррух Самиев ҳамда Фируз Нарзуллоев ҳибсга олинди. Айни пайтда улар устидан тергов давом этмоқда, - дея билдирди вазирлик масъули Асадуллоев.

Расмийнинг билдиришича, бу шахслар Парвиз Давлатбековга ҳужум қилиш билан чекланибгина қолмай, байрам кечаси шаҳар кўчаларида безорилик ҳам қилган.

Тожикистонда Қорбобога ҳужум қилиш ҳолати илк бор қайдга олинмоқда.

Кузатувчиларга кўра, бу йил аввалги йилларга нисбатан мелодий йилнинг кириб келишини байрам қилган кишиларнинг кўпчилиги жамиятдаги айрим гуруҳлар томонидан қораланган.

Аснода таҳлилчилар Тожикистонда исломийлашув жараёни кескинлашаётганидан огоҳлантирмоқда. Янги йил арафаси кунлари тожик матбуотида янги йилни нишонлаш атрофида баҳслар қизиганди.

Баҳсларда қатнашган Тожикистон муфтийси Саидмукаррам Абдулқодирзода янги мелодий йилни нишонлаш мусулмонлар учун бегона маросимлардан бири эканини таъкидлаганди.

“Бу бегона урф-одат ва динимизга ёт бўлган маросимдир. Шахсан ўзим аҳолини янги мелодий йилни нишонлаш учун катта харажатлардан тийилишга чақираман. Унинг ўрнига кам таъминланган оилалар, етимларга ёрдам беришсин”, деган эди жумладан мамлакат муфтийси маҳаллий нашрлардан бирига берган интервьюсида.

Бироқ Шўро замонидан поссовет ўлкаларган мерос бўлиб қолган Янги йил Тожикистонда ҳам расман нишонланади. Янги йил арафасида давлат раҳбари ўз халқини бу байрам билан табриклайди.

Тожикистонликлар 2012 йилнинг кириб келишини уч кун давомида нишонладилар. Байрам кунлари Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари казарма ҳолатига келтирилганига қарамай, 31 декабр куни биргина Душанбе шаҳрида учта қотиллик қайдга олингани маълум бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG