Линклар

logo-print

Ўтган йилнинг сўнгги ойида Ўзбекистон пойтахтида уйларнинг ҳар квадрат метрига ўртача 531 АҚШ долларидан таклиф этилган.

Декабр ойидаги бу ўртача нарх ноябр ойидагига қараганда 1,1 фоизга ортиқроқдир.

Ўзбекистон маҳаллий нашрларининг ёзишича, ўтган ойда уй сотувчилар таклиф қилинаётган нархдан харидорларга 3-4 фоиз чегириб беришган. Натижада харидорлар уйларнинг ҳар квадрат метрии учун тақрибан 515 доллардан (ноябр ойида бу кўрсаткич 510 долларга тенг эди) пул тўлаганлар.

Аснода Тошкентнинг чеккароқ мавзеларида жойлашган эски уйларнинг нархи бир квадрат метр учун ўртача 330 долларни ташкил қилган бўлса, марказдаги қиммат уйларнинг ҳар квадрат метрии 1011 доллардан сотилмоқда. Бу орада риэлторлик ширкатлари қиммат уйлар харидорлари кўпайиб бораётганини қайд этмоқдалар.

Маълумотларга кўра, сотувга қўйилган ғиштин уйларнинг ҳар квадрат метри учун белгиланган нарх декабр ойида 572 долларни ташкил қилган, бетон уйларнинг бир квадрат метри эса ўртача 488 доллардан сотилган. Айни пайтда ўтган ойда монолит ёки панелли уйларга қараганда ғиштли уйларга талаб ошгани (1,4%) айтилмоқда. Кузатувчиларга кўра, айнан совуқ кучайган қаҳратонда ва жазирама авжига чиққан саратонда қишда иссиқ ва ёзда салқин бўладиган ғиштин уйларга талаб ортади.

Шунингдек, декабр ойида Тошкентда аввалда бўлганидан фарқли ўлароқ икки ва ундан ортиқ хонали квартираларга талаб кучайгани, бир хонали квартираларнинг эса харидори камайгани қайд этилмоқда.

Тошкентда кўчмас мулк савдо бозорини кузатаётган Sion Reasearch таҳлил маркази кузатувларига кўра, декабр ойида сотувга қўйилган турар-жойларнинг қарийб 64 фоизини 40 кв.метрдан 80 квадрат метргача бўлган (асосан икки ва уч хонали) квартиралар ташкил қилган.

Айрим кузатувчилар Ўзбекистон пойтахтидаги турар-жой нархларининг тобора кўтарилиб бораётганини янги йилдан жорий этилиши кутилаётган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонун билан ҳам боғлаяптилар. 2011 йил сентябрида чиққан мазкур қонунда Тошкентдан уй сотиб олган шахслар ҳам пойтахтда доимий пропискадан ўтиш имкониятига эга бўлишлари белгиланганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG