Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:29

Тожикистон учун юк транзити ҳақи оширилди


“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати янги йил бошидан Тожикистон учун темир йўлларда юк транзити нархини 32 фоизга оширди.

“Тожикистон темир йўллари “ ширкати маълумотларига кўра, 2011 йилда Ўзбекистон бир тонна ёнилғи транзити учун Тожикистондан 166,9 доллар ҳақ олган бўлса, эндиликда бу рақам 197,8 долларга тенг бўлди.

“Тожикистон темир йўллари” ширкати ҳисоб-китобига кўра, Тожикистон учун транзит нархининг оширилишидан Ўзбекистон томони бир йилда 70 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча даромад кўради.

“Лекин, - деди мазкур ширкат раиси муовини Усмон Қаландаров, -темир йўл транзити нархининг оширилиши ортидан мамлакат ичкарисида ёнилғи ва озиқ овқат маҳсулотлари нархи кескин ошиб кетиши табиий”.

- Шуни назарга олган ҳолда, бевосита давлат раҳбари топшириғи билан нархларнинг кескин кўтарилиб кетишининг олдини олиш мақсадида “Тожикистон темир йўллари” ширкати ўз даромади ҳисобидан тадбиркорларга енгиллик яратишга, яъни улардан 2011 йилги тарифлар асосида хизмат ҳаққи олишга қарор қилди, - деди 3 январ кунги матбуот анжуманида кўп сонли журналистлар олдида сўзлаган Усмон Қаландаров.

Расмийнинг билдиришича, айни пайтда “Тожикистон темир йўллари” ширкати раҳбарлари транзит нархини пасайтириш мақсадида ўзбекистонлик ҳамкасблари билан музокаралар олиб бормоқда.

Тожик расмийсининг айтишича, МДҲ ва Болтиқбўйи давлатлари темир йўл ширкатлари ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, ҳар бир давлат йилда икки марта бошқа давлатларга ўтадиган юк вагонлари транзити учун нархни оширишга ҳақлидир.

2011 йил март ойида ҳам Ўзбекистон Тожикистонга ўтказиладиган юк вагонлари транзит ҳақини 15 фоизга оширган эди.

Ўшанда “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати ўзининг бу қарорини жаҳон бозорида ёнилғи нархларининг ошгани билан изоҳлаганди.

Тожикистон учун темир йўл транзити нархининг ошиши Амузанг-Қўрғонтепа темир йўли билан боғлиқ баҳслар ҳал бўлмаётган бир паллага тўғри келди.

Қаландаровнинг маълум қилишича, 2011 йил 26 декабрида МДҲ ва Болтиқбўйи темир йўлчиларнинг Тошкентда бўлиб ўтган бир йиғилишида “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати масъуллари тожикистонлик ҳамкасбларига Амузанг-Қўрғонтепа темир йўлининг қайта тикланиши фақатгина мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси розилиги билан амалга оширилиши мумкинлигини билдирган.

Ўзбекистон темир йўлчиларининг сўнгги телеграммасида Амузанг- Ғалаба темир йўлида тергов ишлари ҳали ҳам давом этаётгани маълум қилинган.

2011 йилнинг 17 ноябрига ўтар кечаси мазкур темир йўл террорчилик хуружи туфайли бузилгани аввал хабар қилинган эди.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган бир ярим ой давомида Ўзбекистон темир йўлларида Тожикистоннинг Хатлон ва Бадахшон вилоятларига тегишли 360 та юк вагони тўхтаб қолган.

- Айни пайтда 301 та вагонимиз у ерда қолмоқда. Юк вагонлари эгаларининг розилиги билан ширкатимиз бир нечта вагонни Душанбе йўналиши бўйича қабул қилиб олди. Шуни ҳам айтиш лозимки, ҳамма ҳам вагонларини бу йўналиш бўйича олишга рози бўлмаяпти. Чунки битта вагон учта автомобилга юкланади ва Душанбедан Қўрғонтепа, Кўлоб, Данғара ва шу каби туманларга бориб етгунча каттагина харажат қилинади, - деди Усмон Қаландаров.

Эслатсак, “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати Тожикистон томонга мурожаатларида Хатлон ва Бадахшон вилоятларига йўналган юк вагонларини Қудуқли станцияси орқали Душанбе шаҳар вокзалига ташиш ва сўнгра мамлакат жанубига ташишни тавсия қилган эди.

Бироқ Тожикистон томони бу таклифни қабул қилмай келади. Уларнинг иддаосига кўра, бу таклифни қабул қилиш ортидан “Тожикистон темир йўллари” ширкати катта иқтисодий зарар кўради.
XS
SM
MD
LG