Линклар

Ижара шартномасини нотариус тасдиқлаши шарт

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон президенти қарори Тошкентга ишлагани бормоқчи бўлган вилоятликларни боши берк кўчага киритиб қўйди.

Ўзбекистон президенти қарори Тошкентга ишлагани бормоқчи бўлган вилоятликларни боши берк кўчага киритиб қўйди.

2012 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда нотариус тасдиғидан ўтмаган уй-жой ижара шартномаси тан олинмайди ва томонлар жаримага тортилади. Бироқ, бугун Тошкентда яшаётган аксарият ўзбекистонликлар вилоятлардан келганлиги ва уларнинг расмий қайдлари бўлмаганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, уларнинг олдида яна янги бир муаммо пайдо бўлди. Доимий ёки вақтинчалик яшаш учун расмий қайди бўлмаган фуқаролар билан ижара шартномалари тузилмайди.


Ўзбекистонда фуқаролар нотариус тасдиғисиз имзолаган ижара шартномалари аниқланган тақдирда томонлар жаримага тортилади.

Бу ҳақдаги ўзгартишлар 2012 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Фуқаролик кодекси ва бошқа тегишли меъёрий ҳужжатларга киритилди.

Кўп йиллардан бери кўчмас мулк олди-сотдиси билан шуғулланиб келаётган тошкентлик Мастура опанинг айтишича, илгари ижара шартномаларининг ноатриусдан тасдиқлаш шарт бўлмаган. Бу шартномаларга кўра, уй эгалари олинаётган ҳақдан давлатга 10 фоиздан солиқ тўлаб келагн. Шартнома тузмаган уй эгалари эса, солиқдан бўйин товлаб келган.

Маклер Мастура опа фикрича, жорий қилинаётган янги тартиб, биринчи навбатда, пойтахт Тошкентда уйларнинг ижарага берилишини тартибга солишга қаратилган:

- Бу тартибга солиш. Бу ерда энди маҳалла, домкомларга топшириқ берилади. Қайси уйлар ижарага топширилишини домкомлар яхши билади. Энди ижара берувчи ҳар йилда бир бор декларацияда даромадни кўрсатиб, бундан солиқ тўлайди,- дейди Мастура опа.

Бироқ, маклер айтаётган "тартибга солиш" Тошкентга вилоятлардан келаётган фуқаролар дуч келадиган муаммолар сонини кўпайтирадиган кўринади. Исмини ошкор этмаган Тошкент шаҳридаги нотариуслардан бирининг айтишича, ижара шартномасини имзолаш учун фуқаронинг Тошкент шаҳрида доимий ёки вақтинчалик пропискаси бўлиши шарт:

- Ҳамма документларни йиғишади. Уй эгаси қарзи йўқлиги ҳақидаги маълумотнома, ижарада турадиган одамларнинг пропискаси ҳақидаги маълумотнома, МБТИдан (Техник инвентаризация бюроси-таҳр.) маълумотнома, шу ҳаммаси битгандан кейин уйда пропискада турадиган бошқа оила аъзолари ҳам розилик беради. Ижарада турувчининг пропискасини паспортний стол ҳал қилади,- дейди Тошкентдаги нотариуслардан бири.

Тошкент шаҳар 1-нотариал идора ходими ҳам пропискасиз ижара шартномаси тузилмаслигини тасдиқлади:

- Олдин Тошкент шаҳрида вақтинчалик рўйхатда турилади, кейин шартнома имзоланади,- дейди нотариус.

Лекин ўз навбатида, вилоятдан келган фуқаро пойтахтда вақтинчалик пропискада туриш учун уйни ижарага олганини тасқдиловчи шартномани кўрсатиши керак. Яъни, пропискасиз шартнома имзоланмайди, шартномасиз прописка бўлмайди. Бу бошқотирманинг жавоби қандай бўлади?

Бу савол устида пойтахтдаги нотариусларнинг ўзлари ҳам бош қотирмоқда:

- Энди бу савол ҳозир бизни ҳам ўйлантиряпти. Энди Адлия вазирлиги буни бир ечимини топар, балки бизларга бир тушунтириш берар ёки хат туширар,- дейди Тошкент шаҳар 1-нотариал идора нотариуси.

Нотариус тасдиғисиз кўчмас мулкини ижарага берган фуқароларни жаримага тортиш тартиби 1 февралдан бошланади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов республикадаги қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги лойиҳани 30 декабр куни имзолади ва шу қонунга мувофиқ квартира шартномаларини нотариус тасдиғидан ўтказиш мажбурияти 1 январдан кучга кирди.

Эндиликда бу тартибни бузган фуқароларга энг кам иш ҳаққининг 5 баробаридан 10 баробарига қадар жарима солинади.

Шунингдек, 1 февралдан бошлаб сотиб олган кўчмас мулкини ўз вақтида расмийлаштирмаган шахслар ҳам энг кам иш ҳаққининг 1 баробаридан 5 баробарига қадар жаримага тортиладиган бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG