Линклар

Ўзбекистоннинг иккинчи йирик шаҳри ҳисобланган Самарқанд аҳолиси бирданига қарийб 85 минг кишига кўпайиб 488 мингдан ошди. Бу шаҳар ҳудудининг унга туташ туманлар ҳисобидан кенгайтирилиши эвазига амалга ошди.


Самарқанд ҳокимияти расмийлари шаҳар аҳолиси ярим миллионлик маррага яқинлашганини айтмоқда.

Шаҳар атрофидаги айрим аҳоли пунктлари шаҳар ҳудудига қўшилиши эвазига Самарқанд Ўзбекистондаги аҳоли сони бўйича иккинчи йирик шаҳар мақомини янада мустаҳкамалади дейди ўз исмини айтишни истамаган Самарқанд ҳокимияти расмийларидан бири.

- Одамларга қулайлик яратиш мақсадида чегаралар бир оз ўзгарди. Шаҳар аҳолиси сони ҳам шу ҳисобдан ошди,- деди Самарқанд ҳокимияти расмийси.

Олий Мажлис Сенатининг Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Оқдарё ва Самарқанд туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги қарорига кўра, Самарқанд туманининг умумий ҳудуди 3,36 минг гектарни, аҳолиси эса 84,7 минг одамни ташкил этувчи 33та маҳалласи Самарқанд шаҳрига қўшилди.

- Бу ерда жуда кўпчилик Самарқанд шаҳриданман деб айтади-да. Лекин, ҳужжатда туманга қарашли. Энди бу тушунмовчиликлар барҳам топди. Масофа ҳам яқинлашди, шаҳар ҳудиди ҳам анча муоқбиллашди. Ҳудудий ўзгаришлардан мақсад одамларга қулайлик яратиш,- дейди Самарқанд ҳокимияти расмийси.

Эндиликда, Самарқанд шаҳри ҳудудига 33та маҳалла қўшилиши ҳисобига шаҳар аҳолиси сони 488,6 мингни, майдони эса 12,1 минг гектарни ташкил этади.

Шунингдек, Ўзбекистон Сенати қарорига кўра, Самарқанд вилоятининг баъзи бошқа ҳудудларида ҳам ўзгаришлар жорий қилинди.

- Самарқанд туманидаги бир қишлоқ фуқаролари йиғини Оқ дарё туманига ўтказилди. Бу ҳам масофа жиҳатидан узоқ эди, энди одамларнинг туман марказига боришларига масофа жиҳатдан қулай бўлди. Илгари туман марказигача 30-35 километр бўлган бўлса, энди туман марказигача 15-18 километр бўлди,- дейди Самарқанд ҳокимияти расмийси.

XIV ва XV асрлар давомида Самарқанд шаҳри Темурийлар салтанатининг пойтахти вазифасини ўтаб келган ва ўша даврларда йирик илм-фан, маданият марказига айланган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳри 1930 йилгача Ўзбекистон ССР пойтахти ҳам бўлган.

Ҳозир Ўзбекистонда аҳоли сони жиҳатдан пойтахт Тошкент биринчи ўринда туради.

Расмий статистикага кўра, Тошкент аҳолиси сони 2 ярим миллионга яқинлашиб қолган. Лекин, пойтахтга вилоятлардан иш излаб келган ўзбекистонликлар ҳисобидан Тошкент аҳлининг асл сони 4 миллиондан ошиш тахмин қилинади.
XS
SM
MD
LG