Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:06

Қатарда Толибон ваколатхонаси очилади


Толибон жанггарилари тинчлик музокараларига мойиллинк кўрсатмоқда.
Толибон жанггарилари тинчлик музокараларига мойиллинк кўрсатмоқда.

Толибон ҳаракати Қатарда ўзининг “сиёсий ваколатхонасини” очиш тўғрисида дастлабки келишувга эришганини маълум қилди. Бу эса ўн йилдан ортиқ қуролли қарама-қаршиликдан кейин Толибон жанггари гуруҳининг тинчлик музокараларига киришишига мойиллик кўрсатаётганидан даракдир.


Толибон ҳаракати Қўшма Штатлар билан Қатарда ўз ваколатхонасини очиш тўғрисида “дастлабки келишувга” эришгани ҳақида сешанба куни маълум қилди.

“Биз халқаро ҳамжамият билан музокарага киришиш учун Афғонистонда мустаҳкам ҳозирлигимизни сақлаб қолган ҳолда мамлакат ташқарисида сиёсий ваколатхонамизни очишга тайёрмиз. Бу хусусда Қатар ва бошқа мутасади томонлар билан келишувга эришдик”, дейилади Толибон баёнотида.

Пуштун тилида эълон қилинган баёнотда Толибон ваколатхонаси қачон очилиши ҳақида аниқ бир нарса дейилмаган.

Ғарб ва Афғонистон расмийлари Толибон ваколатхонаси очилишини ўн йилдан ортиқ давом этган урушга нуқта қўйиш уринишларининг натижа бериши учун асосий шарт-шароиларидан бири деб билади.

Кобуллик таҳлилчи Воҳид Мужда 3 январ куни пайдо бўлган хабарни хушхабр, дея атади.

- Менимча, бу ижобий қадамдир, чнуки шу пайтгача мавжуд бўлиб келган асосий муаммолардан бири Толибон билан алоқага чиқиш мумкин бўлган ёки улар ўз баёнотлари ва позицияларини эълон қилиши мумкин бўлган манзилнинг йўқлиги эди. Бу, яъни ваколатхонанинг очилиши тинчлик музокараларини бошлашга йўл очиб беради, дейди афғон таҳлилчиси.

Собиқ Толибон ҳукуматида дипломат вазифасида ишлаган Мужданинг айтишича, бир қатор Толибон расмийлари, жумладан собиқ ташқи ишлар вазири ўринбосари Шер Муҳаммад Аббос Станекзаи ва ҳаракат етакчиси Мулла Умарнинг сиёсий маслаҳатчиси Тайяб Оға ҳозирда Қатарга етиб келган ва ваколатхонани очишга доир ташкилий ишлар билан шуғулланмоқда.

Толибон ўз баёнотида, шунингдек, АҚШнинг Гуантанамо қамоқхонасидан ўз жанггариларининг озод этилишини ҳам талаб қилди. Бунинг эвазига ўзи ихтиёридаги асирларни ҳам озод этишни ваъда қилди.

Ўтган ойда Толибон ҳаракати Қатарда ўз ваколатхонасини очишини кўзлаётганига оид хабарлар пайдо бўлгач, Кобул ҳукумати бу мамлакатдаги элчисини чақиртириб олди.

Бироқ ўтган ҳафта президент Ҳамид Карзай ўз ҳукумати Толибоннинг Қатарда ваколатхонага эга бўлишига рози эканини эълон қилди. Лекин, дея қўшимча қилди Карзай, бундай ваколатхонинг Саудия Арабистони ёки Туркияда очилиши мақсдага мувофиқ бўларди.

Толибон ҳаракати 1994 йилда Афғонистон жанубида пайдо бўлган ва 2001 йилда ҳокимиятдан ағдарилишига қадар мамлакатнинг аксар қисмини назорат қилган. Ўшандан бери Толибон жанггарилари Ғарб қўллаб-қувватлайдиган президент Ҳамид Карзай ҳукумати ва НАТО етакчилигидаги коалиция билан жанг қилиб келади.

Радикал қарашлардаги бу ҳаракат сешанба куни эълон қилган баёнотида иқтидордаги дунёвий ҳукуматни ағдариш мақсадидан воз кечмаслигини таъкидлади. “Афғонистон Исломий Амирлиги, яъни Толибон истило тугаши лозимлигини айтиб келган. Афғонларга ҳеч кимга зарар келтирмайдиган Исломий ҳукматни тузиш имкони берилиши керак”, дейилади баёнотда.
XS
SM
MD
LG