Линклар

Тожикистон билан Покистон расмий Тошкент қарши бўлган CASA 1000 лойиҳасини кўриб чиқди.


Тожикистон Покистонни чироқ билан таъминлашга тайёр


2 январ куни Исломободда Тожикистоннинг Покистондаги элчиси Зубайдулло Зубайдов Покистон Миллий кенгаши раҳбари Фаҳмида Мирзо билан учрашиб, CASA-1000 лойиҳасини муҳокама қилди.

Зубайдов Тожикистон томони Покистоннинг электр энергияси тақчиллигини бартараф қилишга тайёрлигини маълум қилди.

CASA-1000 лойиҳасига кўра, Афғонистон орқали 750 километрлик масофада электр симлари тортилиб, Тожикистон Покистонга 1000 мегаватт электр энергиясини сотиши мумкин.

Осиё тараққиёт банки ва Жаҳон банки кўмагидаги ушбу лойиҳада электр энергиясини Тожикистон билан Қирғизистондан Афғонистон ва Покистонга етказиш кўзда тутилади.

Айни пайтда лойиҳани амалга ошириш учун яна 950 миллион АҚШ доллари зарурлиги айтилмоқда.

Яқинда Жаҳон банки CАSА-1000 лойиҳасини молиялаштириш учун 200 миллион доллар миқдоридаги имтиёзли кредит ажратиш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Покистон матбуотига кўра, айни пайтда ушбу мамлакат 7000 мегаватт миқдоридаги электр энергиясига эҳтиёж сезади.

Покистон шимолидаги айрим ҳудудларда кунига электр узилишлари вақти 14 соатгача етади.

Айни пайтда Тожикистоннинг ўзида ҳам кузги-қишки мавсумда электр тақчиллиги кузатилади.

Ўзбекистон қарши бўлган лойиҳа


Расмий Тошкент CASA-1000 лойиҳасини халқаро қонунларга зид эканини таъкидлаб келади.

Ўтган йилнинг мартида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Покистон ҳукуматига бу борада махсус мактуб йўллаб, Исломободни Тожикистондан электр энергиясини сотиб олиш оқибатларидан огоҳлантирган эди.

Расмий мактубда Исломободнинг тожик электридан воз кечиши эвазига, Ўзбекистон Покистонга қуввати 1315 мегаваттни ташкил этадиган учта ГЭСни қуришга кўмак кўрсатишга тайёрлиги айтилган эди.

Шунингдек, расмий Тошкент Тожикистон ҳукуматининг Роғун ГЭСи қуриш режаси минтақадаги шундоқ ҳам оғир экологик вазиятни мураккаблаштириб¸ ижтимоий-экологик¸ шунингдек гуманитар фалокатларга олиб келишидан огоҳлантириб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG