Линклар

Қирғизистонда Божхона иттифоқига қўшилиш юзасидан баҳслар давом этмоқда


Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Россия, Қозоғистон ва Белорус аъзо бўлган Божхона иттифоқига қўшилиш ўз мамлакати учун кўп имкониятлар очишини бот-бот такрорлаб туради.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Россия, Қозоғистон ва Белорус аъзо бўлган Божхона иттифоқига қўшилиш ўз мамлакати учун кўп имкониятлар очишини бот-бот такрорлаб туради.

Қирғизистоннинг Бож иттифоқига қўшилиши ҳақидаги расмийлар ташаббусига маҳаллий мутахасcисларнинг кўпчилиги қаршилик қилиб келмоқда.

2012 йилдан бошлаб Россия, Қозоғистон ва Белорус аъзо бўлган Божхона иттифоқининг тўлақонли фаолияти бошланди.

Қирғизистон ҳам бу иттифоққа қўшилажаги ҳақида 2010 йилда эълон қилган эди. Хусусан, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Бош вазир лавозимида ишлаётган пайтдаёқ Божхона иттифоқига қўшилиш тарафдори эканини билдирган эди. Президент ҳозир ҳам бу иттифоқнинг Қирғизистон учун манфаатли эканини деярли ҳар бир чиқишида такрорлаб келади.

Бироқ қирғизистонлик мутахассислар Божхона иттифоқига қўшилиш режасини кескин танқид қилиб, бу борада ҳукуматга қаршилик кўрсатиб келмоқдалар. Айни пайтда қирғиз расмийлари Божхона иттифоқига қўшилиш борасида музокаралар олиб борувчи махсус гуруҳ тузилганини билдирди.

- Махсус гуруҳ Божхона иттифоқига аъзо давлатлар билан бизнинг иқтисодимиз, айрим корхоналар учун имтиёз муддати олиш борасида музокаралар олиб боради, - деди Бош вазир Ўмурбек Бабанов.

Иқтисодчи Азамат Акелеевнинг айтишича, Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши билан Қирғизистоннинг Божхона иттифоқига аъзо бўлиш ҳаракати яна бир неча йил ортга сурилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

- Бу масаланинг ҳал бўлиши бир неча йил ортга сурилди, деб ҳисоблайман. Чунки Россия 2012 йилнинг 1 январидан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлди. Шунинг учун Божхона иттифоқига аъзо бўлган Қозоғистон ва Белорус билан янги бож тўловлари масаласида музокаралар бошланади. Чунки Россия Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши ортидан бож тўловлари 2,5-3 фоизга камаяди. Россия Қозоғистон ва Белорус билан бу масалада келишиб олганидан кейингина бошқа давлатлар билан Божхона иттифоқига аъзолик борасида музокаралар олиб боради, - деди Азамат Акелеев.

Айни пайтда мутахассислар Қирғизистоннинг Божхона иттифоқига қўшилиши ортидан мамлакатда қимматчилик бошланиши, енгил саноат ва жами 40 мингдан зиёд савдо шаҳобчасига эга бўлган Бишкекдаги “Дўрдўй”, Қорасувдаги “Туратали” бозорлари хонавайрон бўлишини айтишмоқда. Мутахассислар фикрича, Қирғизистон Божхона иттифоқига қўшилса, Хитой ва бошқа давлатлардан импорт қилинаётган маҳсулотлар нархи кескин ошади. Бунинг оқибатида “Дўрдўй” ва Қорасув бозорларининг асосий харидорлари бўлган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистонга импорт камаяди. Хом ашё нархининг кўтарилиши натижасида енгил саноат ҳам касодга учрайди.

Аммо Божхона иттифоқи комиссиясининг масъул котиби Сергей Глазев бу каби башоратлар асоссиз эканини айтади:

- Биз Божхона иттифоқини ташкил қилаётганимизда ташкилотга аъзо ҳар бир давлатнинг ўзига хос жиҳатларини эътиборга олганмиз. Биз ташкилотга аъзо бўлаётган давлатнинг иқтисоди касодга учрашига ва нарх-навонинг кескин кўтарилишига йўл қўймаймиз. Масалан, Қозоғистон учун бож тўловларини тўлашда 80 та маҳсулотга енгилликлар берилган, - деди Сергей Глазев.

Россия, Қозоғистон ва Белорус раҳбарлари 2009 йилнинг 28 октябрида Минскда Божхона иттифоқини ташкил этиш ҳақида қарор қилган эдилар. 2010 йилнинг 1 июлидан Божхона иттифоқи фаолиятининг биринчи босқичи бошланди. 2011 йилнинг 1 июлидан эса Россия, Қозоғистон ва Белорусда бож текшируви бекор қилинди. Қирғизистон 2011 йилнинг 19 октябрида расман Божхона иттифоқига аъзо бўлиш ниятида эканини билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG