Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:22

Ўзбекистон Плотина ва Горнийга яна электр узата бошлади


Маълумотларга кўра, янги йил арафасида Горний шаҳарчасида ҳам электр таъминоти тикланган.
Маълумотларга кўра, янги йил арафасида Горний шаҳарчасида ҳам электр таъминоти тикланган.

Ўзбекистон энергетиклари Тожикистоннинг Плотина ва Горний шаҳарчасида бир ой аввал узилиб қолган электр таъминотини қайта тиклади.

Сўғд вилоятининг Спитамен туманига қарашли Плотина ва Горний шаҳарчасида электр таъминоти янги йил арафасида тиклангани маълум бўлди. Бу борада ўша туманга қарашли Қўштегирмон қишлоқ кенгаши раиси Шавкат Қодиров Озодликка билдирди.

Маҳаллий мулозимнинг айтишича, Ўзбекистон ҳукумати Плотина ва Горний шаҳарчасида яшаётган ўзбек оилалари билан бир қаторда Тожикистон фуқароларига ҳам моддий ёрдамлар кўрсатган.

- Янги йил арафасида яна Ўзбекистон томонидан йигирма машина моддий ёрдам келди. Кўмир, ёғ, ун, картошка, пиёз, гўшт - шунақа нарсаларни берди. Ҳаммага баравар берди. Биз ўзимиз кечаси соат 12 гача тарқатдик, халқ хурсанд. Свет бор, сув бор, - деди Қўштегирмон қишлоқ кенгаши раиси Қодиров.

Плотина ва Горний шаҳарчаси Тожикистон ҳудуди саналади. Лекин Совет Иттифоқи даврида Ўзбекистоннинг Бекобод шаҳридаги металл заводида ишлаган аксарият тожикистонликлар, тожик расмийларининг айтишича, ишдан ҳайдалмаслик мақсадида Ўзбекистон фуқаролигини олган.

Айни пайтда, маълумотларга кўра, Плотина ва Горний шаҳарчасида ўзбекистонликлардан иборат 409 оила яшайди.

Декабр ўрталарида 32 нафар ўзбекистонлик фуқаро Тожикистон паспортини олгани ҳақида хабар тарқалган эди.

Спитамен туман ҳукумати расмийси Ҳофизи Умеджон Ҳайдарзода ҳам бу маълумотларни тасдиқлаш баробарида, ўзбек фуқароларининг бу қарори Тошкентнинг ғашига текканини ва бу ўз навбатида Плотина ҳамда Горний шаҳарчасида электр таъминотининг узилишига сабаб бўлганини иддао қилган эди.

Ўшанда Ҳайдарзода жаноблари Тожикистон Плотина ва Горний шаҳарчасини маҳаллий электр билан таъминлаш стратегиясини ишлаб чиққанини очиқлаганди.

Кузатувчиларнинг айтишича, ноябр ва декабр ойларида Бекобод ГЭСида рўй берган авария тожик томонининг янги стратегиясини амалга оширишга қулайлик туғдирган.

4 январ куни Озодликка гапирган тожик расмийси Ҳайдарзода “Барқи тожик” ширкатининг Сўғд вилоятидаги идораси ҳукумат топшириғи асосида Плотина ва Горний шаҳарчасига электр узатиш тармоқларини тортганини, аммо электр узатишга ҳозирлик чоғида Ўзбекистон қайта электр бера бошлаганини билдирди.

- Биз ҳамма нарсани тайёрладик, бу ҳудудга доимий электр беришни бошламоқчи бўлиб тургандикки, улар беришди. Нега бундай қилишди - билмайман, - деди Ҳайдарзода.

Аснода айрим тожик мулозимлари Ўзбекистон ҳукуматининг бу қарорида ғараз сезилаётганини иддао қилмоқда. Уларга кўра, Ўзбекистон расмийлари Плотина ва Горнийдаги оддий аҳолини ишончини қозониш турли йўл ва воситаларни ишга солаётибди.

Аввалги суҳбатларимизда Спитамен туман расмийлари Плотина ва Горний аҳолиси билан учрашувларида бу ҳудуд Тожикистон энергетика тизимига уланишга оид режалардан огоҳлантирганини билдирган эди.

Бироқ Ўзбекистондан доимий равишда электр, табиий газ ва сув олиб туришга одатланган маҳаллий аҳоли иқтидордаги ҳукумат қарорини қувватламаётгани сезилади.

- Неча йилдан буён шу ердан газ, свет билан таъминланамиз. Свет бизда доимий. Биз энди шу шароитга ўргандик. У ёққа ўтсак, ўзимизда свет унча яхши эмас-да, соатбай берилади-ку, - дейди Плотина шаҳарчасида истиқомат қилаётган тожикистонлик Насибахон.

Шунга қарамай, Тожикистон томони Плотина ва Горний шаҳарчаларини Ўзбекистон таъсиридан бутунлай чиқариш тадбирларини амалга оширмоқда.

Спитамен туман ҳукумати расмийси Ҳайдарзода яқин йилларда бу ҳудуддаги Ўзбекистонга тегишли муассасалар ва давлат идоралари Ўзбекистон ҳудудига кўчирилишини ва унинг ўрнига Тожикистонга тегишли мактаб, давлат идоралари фаолият бошлашини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG