Линклар

Тошкент Душанбега газ бермай қўйди

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистон газининг Тожикистондаги асосий истеъмолчиларидан бири ТАЛКО заводи эди.

Ўзбекистон газининг Тожикистондаги асосий истеъмолчиларидан бири ТАЛКО заводи эди.

4 январдан эътиборан Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ беришни батамом тўхтатди.


4 январ куни кўп сонли журналистларга брифинг берган Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг ахборот таҳлилий маркази бошлиғи Давлат Назриев Ўзбекистон ҳеч бир расмий огоҳлантиришсиз Тожикистонга табиий газ беришни батамом тўхтатганини маълум қилди.

Расмийнинг билдиришича, бугун эрталаб Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчиси Шоқосим Шоисломов вазирликка таклиф этилиб, давлат раҳбари Имомали Раҳмоннинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга мурожаатномаси топширилган.

- Тожикистон томони Ўзбекистон билан узоқ йиллардан буён сақланиб келинаётган яхши қўшничилик принциплари ва давлатлараро ҳамкорликка таянган ҳолда бу масала яқин кунларда ижобий ечим топишига умид қилади, - деди тожик расмийси Назриев.

Ўзбекистоннинг Тожикистонга табиий газ сотишни тўхтатиб қўйганига оид хабарни “Тожиктрансгаз” давлат унитар ширкати вакиллари ҳам тасдиқладилар.

- “Ўзтрансгаз” ширкати ҳеч бир огоҳлантиришсиз ва бир ёқлама қабул қилинган қарори асосида 4 январдан эътиборан Ўзбекистондан Тожикистонга табиий газ узатишни батамом тўхтатди, - деди мазкур идоранинг иқтисодий бўлими бошлиғи Ҳусайн Асроров.

Расмийнинг билдиришича, “Тожиктрансгаз” ўтган йилнинг ноябр ойида “Ўзтрансгаз” ширкатига расман мурожаатида табиий газ импортига оид шартнома имзолашни сўраган. Ундан ташқари, Тожикистон Бош вазири муовини Муродали Алимардонов ҳам ўзбекистонлик ҳамкасбига шу мазмунда мактуб йўллаган.

- Бироқ, афсуски, - деди “Тожиктрансгаз” ширкат масъули Асроров, - ҳамма мурожаатларимиз эътиборсиз қолдирилди.

Айни пайтда “РИА Новости” ахборот агентлиги Ўзбекистон Республика Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов Тожикистонга жавоб хатида “ўзбек табиий газининг асосий истеъмолчилари саналган Россия ва Хитой билан табиий газ борасида шартнома имзолаш масаласи ҳал бўлмай қолаётганини ва шу сабабли Тожикистон билан шартнома имзолаш имконияти йўқлигини маълум қилган”ини ёзади.

Мазкур мавзу юзасидан “Ўзтрансгаз” ширкати билан ҳам боғланишга уриндик, бироқ бу уринишлардан бирор натижа чиқмади.

2011 йилда Тожикистон Ўзбекистон билан 180 миллион куб метр табиий газ импорти бўйича шартнома тузганди.

“Тожиктрансгаз” давлат унитар ширкат расмийси Асроровнинг Озодликка маълум қилишича, йил давомида шу миқдор табиий газнинг 160 миллион куб метри импорт қилинган. Ўзбек гази нархининг Тожикистон учун бир йилда икки марта қимматлагани сабабли табиий газ тўла импорт қилинмагани аввал айтилганди.

2011 йилнинг ноябрида “Ўзтрансгаз” Тожикистонга сотаётган маҳсулоти нархининг ҳар минг куб метрини 311 АҚШ долларидан этиб белгилади.

Айтиш лозимки, Ўзбекистондан сотиб олинган табиий газнинг асосий харидори ТАЛКО алюминий ишлаб чиқариш ва Тожикцемент заводлари бўлган.

Мустақил таҳлилчилар Ўзбекистоннинг Тожикистонга табиий газ сотишни бутунлай тўхтатганига ТАЛКО заводи атрофидаги хавотирлар сабаб бўлганини урғуламоқда.

Ўзбекистон Экологик ҳаркат масъуллари ТАЛКО заводининг атроф-муҳитга чиқараётган заҳарли моддалари Ўзбекистон ҳудудидаги экологик вазиятни оғирлаштираётганидан бонг уриб келади.

Мазкур ҳаракат ташаббуси билан ўтган йиллар Сурхондарё вилоятида бу ҳудуд аҳолиси иштирокида қатор норозилик акциялари ўтказилганди. Улар ТАЛКО фаолияти тўхтатилишини талаб қилиб чиққан эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG