Линклар

logo-print

Қирғизистонда бир неча ой олдин қабул қилинган қонунга мувофиқ, 2012 йилнинг 1 январидан казинолар ва ўйин заллари фаолияти тўхтатилиши лозим эди.


Бироқ Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 4 январ куни олиб борилган текширув давомида Бишкекдаги 15 та казинодан 5 таси, 21 та ўйин залларидан 3 таси ўз фаолиятини тўхтатмагани аниқланган. Милиция мазкур қиморхоналар эгаларига огоҳлантириш бериш билангина чекланган.

Қиморхоналарнинг бир қисми ўз фаолиятини давом эттираётгани фуқаровий жамият норозилигига сабаб бўлмоқда. Бир қатор нодавлат ташкилотлари вакиллари Бишкекда қонун талабларини бажармаётган казинолар ва ўйин заллари эгаларини жавобгарликка тортиш ҳамда уларнинг фаолиятини тўхтатиш талаби билан митинглар ўтказишаяпти.

- Биз бу ерда казиноларга қарши чиқаяпмиз. Бунинг сабаби қиморхоналар жуда кўп оилаларнинг ажралишига, хонавайрон бўлишига сабаб бўлмоқда. Парламент қабул қилган қонунга мувофиқ, казинолар ўз фаолиятини тўхтатиши лозим эди. Бироқ айрим қиморхона эгалари қонун талабини бажаришга шошилмаяпти, - деди митинг иштирокчиларидан бири бўлган Жумғалбек.

Озодлик мухбирлари Бишкекда фаолиятини тўхтатмаган айрим казиноларда бўлиб, уларнинг мижозлари билан суҳбатлашди. Мижозларнинг аксарияти ҳар куни казино ва ўйин залларида катта миқдорда пул ютқизишларини айтишди.

- Мен бир неча ой ичида 200 минг сўм, яъни тахминан 4,5 минг доллар ва отамнинг машинасини, кейин ўзимнинг машинамни ютқаздим. Шунга қарамай, ҳар куни казинога келаман. Бу ўйин автомати дегани наркотикка ўхшаган нарса бўлар экан, хумори тутади, - дейди казино мижозларидан бири.

Айни пайтда казино ва ўйин заллари эгалари Қирғизистон парламенти томонидан қиморхоналар фаолиятини тўхтатиш тўғрисида қабул қилинган қонун Конституцияга зид эканини айтишмоқда. Ўйин бизнеси ассоциацияси юристи Элдияр Мамиров казино эгалари мазкур масалада судга мурожаат қилишмоқчи эканини билдирди:

- Казиноларни йўқ қилиш ўрнига “Қирғизистон фуқароларининг казинода ўйнаши тақиқланади” деган қонун қабул қилинса ёки казиноларнинг солиғини ойига бир миллион сўмга, яъни 25 минг долларга чиқариб қўйса, етарли бўлар эди. Бу ҳолатда казинолар ўртасида рақобат кучайиб, уларнинг сони озайган бўлар эди, - деди Элдияр Мамиров.

Айрим кузатувчиларнинг айтишларича, 2012 йилнинг 1 январидан бошлаб қиморхона ва ўйин залларининг тақиқланиши ортидан бу соҳа яширин фаолият кўрсатишга ўтиши мумкин.

2012 йилнинг 1 январигача Қирғизистонда 25 казино ва 30 та ўйин зали фаолият юритган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG