Линклар

logo-print

ЕИ Эрон нефтига эмбарго жорий этиши мумкин


Расмий Теҳрон Эронга нисбатан молиявий санкциялар кучайтирилган тақдирда Ҳормуз бўғозини тўсиб қўйиш билан таҳдид қилмоқда.

Расмий Теҳрон Эронга нисбатан молиявий санкциялар кучайтирилган тақдирда Ҳормуз бўғозини тўсиб қўйиш билан таҳдид қилмоқда.

Европа Иттифоқи мамлакатлари Эрондан нефт импорт қилишга эмбарго жорий этиш ҳақида ўзаро келишиб олдилар.


Айни пайтда, Рейтер агентлиги маълумотларига кўра, бу борада ўзаро маслаҳатлашувлар давом этмоқда. ЕИ масъулларининг бу ҳақдаги қарори шу йил 30 январига белгиланган саммитда эълон қилиниши мумкин.

3 январ куни Европа Иттифоқидаги етакчи мамлакатлардан бири Франция Эронга нисбатан санкцияларни кучайтириш таклифи билан чиққанди.

Ундан аввалроқ, аниқроғи 31 декабр куни АҚШ президенти Барак Обама Эрон Марказий банки ва молиявий секторларини нишонга олувчи янги санкцияга имзо чекди.

Мазкур ҳужжат 662 миллиард долларлик маблағ оқимини тўхтатиш, шунингдек, Эрон Марказий банки билан бундан буён ҳамкорлик қилгани тақдирда хориж давлатлари ва уларга қарашли ширкатларга ҳам санкциялар жорий қилишни кўзда тутади.

Эрон ядровий дастури атрофидаги мунозаралар Халқаро атом энергияси агентлиги 8 ноябр кунги ҳисоботида Теҳрон атом бомбасини қўлга киритишга уринаётганини маълум қилганидан бери янада кучайди.

Эрон бу айбловларни кескин тарзда инкор қилиб, ўз ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлаганини айтиб келади.

Аснода Хитой Эронга нисбатан санкциялар қабул қилишга қарши чиқмоқда. ХХР Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Хун Лэйнинг билдиришича, Эрон муаммосини ҳал қилишдаги ягона чора музоракалар бўлиб ҳисобланади.

- Хитой бошқа кўплаб давлатлар қатори Эрон билан нормал ва шаффоф иқтисодий алоқалар бўлишини қўллайди. Улар БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларини бузаётганлари йўқ, - деди Хун Лэй.

Бу орада АҚШ президенти Барак Обама молия вазири Тимоти Гайтнерга Оқ уйнинг Эрон нефт секторига нисбатан санкциялар жорий қилиш бўйича позициясини тушунтириш учун кейинги ҳафта Пекинга жўнаш топшириғини берди.

АҚШ Молия вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, 10-11 январ кунлари Тимоти Гайтнернинг Хитой пойтахтида ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Вэн Цзябао ҳамда ХХР раис ўринбосари Си Цзинпин билан учрашиб, улар билан Эронга молиявий босимни кучайтириш масаласини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Расмий Теҳрон, агар Вашингтон бу санкцияларни турмушга татбиқ этишни бошласа, жавоб қадами ўлароқ жаҳондаги нефт экспортининг 40 фоизи ташиладиган Ҳормуз бўғозини тўсиб қўйиш билан таҳдид қилган.

Эрон ҳозирда кунига 2,6 миллиард баррел нефт экспорт қилмоқда. Бу маҳсулотнинг тақрибан 20 фоизини Хитой сотиб олади. Эрон нефтини Юнонистон, Италия ва Ҳолландия каби Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳам (кунига 450 минг баррел) импорт қилади. Шунингдек, Эрон нефти Туркия, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Японияга ҳам экспорт қилинади. Масалан, Анқара ўзининг нефтга бўлган эҳтиёжининг 30 фоизини Эрон “қора олтини” ҳисобидан қоплайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG