Линклар

Ўзбек олими янги ўғит ихтиро қилди


"Кароматли тупроқ" номли галуконит жинсларини Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида кўп учратса бўлади.

"Кароматли тупроқ" номли галуконит жинсларини Ўзбекистоннинг ғарбий қисмида кўп учратса бўлади.

Ўзбекистоннинг 8 ҳудудида мавжуд бўлган глауконит жинсларидан ўғит олиш, мамлакат деҳқончилиги учун муҳим кашфиëт сифатида кўрилмоқда.


Ўзбекистонлик 69 яшар олим, техника фанлари номзоди Солижон Боваддинов глауконит жинсларидан ўғит яратишга умрининг 30 йилини сарфлади.

Ўзбекистон фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида тадқиқот олиб борган олим халқ орасида "кароматли тупроқ" номи билан машхур бўлган глауконит махсус ишловдан кейин, пахта ва шоли экиладиган ер майдонлар ҳосилдорлигини оширадиган ўғитга айланишини илмий изланиш мобайнида кашф қилди.

Шу пайтгача бўëқ саноатида фойдаланиб келинган глауконитдан ўғит олиш ғояси Амударë ëқасидаги деҳқончилик тарихини ўрганиш мобайнида юзага чиқди, дейди Озодлик радиоси билан суҳбатда олим Солижон Боваддинов.

- Халқ орасида "кароматли тупроқ" деб аталадиган глауконитни деҳқонларимиз от араваларда ташиб ерга ўғит сифатида ишлатишгани ҳақидаги кекса деҳқонларнинг ҳикоялари боис мен бу соҳада изланишлар олиб бордим. Чимбойдаги 80 гектарлик илмий тажриба участкасида узоқ йиллар мобайнида бу ўғитни пахта ва шоли экинларига тадбиқ қилиб илмий хулосаларга келдим, дейди олим.

Ўзбекистон фанлар академияси Қорақалпоқ бўлими илмий котиби Эсбўсин Ўтаниëзов ҳамкасби ўтказган тадиқоқт натижалари илм оламида сенсация ҳосил қилди, дейди Озодлик билан суҳбатда.

- Қорақалпоғистоннинг Қиронтов ҳудудида Глауконитнинг улкан заҳираси мавжуд. Солижон Боваддинов 30 йил мобайнида Глауконит таркибидаги калий моддасини ўғит сифатида ишлатиш ғоясини амалга ошириш учун тиришди. Изланишлар эса ниҳоятда самарали бўлди. Одатда глауконитдан ранг пигментлари олинар эди. Ундан ўғит яратиш фикри эса янгилик бўлди. Бу ўғит пахта ҳосилдорлигини гектарига 5 центнерга оширади. Пахтани суғориш учун сарф бўладиган сув миқдорини 15 фоиз тежаш имконини беради. Бу ўғит учун патент оляпмиз. Патент бюросига барча ҳужжатлар топширилди, дейди Ўзбекистон ФА илмий котиби.

Унинг айтишича, глауконитдан олинадиган ўғит Хоразм ва Қорақалпоғистон учун мухим муаммо бўлган ер шўрланишининг олдини олишда ҳам самара бериши мумкин.

Глауконитдан ўғит яратган олим Солижон Боваддинов ўзининг 30 йиллик изланишларини китоб қилиб ëзиш режаси борлигини ҳам айтди Озодлик мухбирига.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG