Линклар

logo-print

Россиядаги мухолифатчи "Сўл фронт" етакчиси Сергей Удальцов ва “Яшаш муҳити” ҳаракати фаоли¸ эколог Ярослав Никитенко 4 январ куни озодликка чиқарилди.

Бир неча кунлик очлик акциясидан сўнг саломатлиги ëмонлашган Сергей Удальцов ўн кунлик тутқунликни касалхонада ўтказди.

Озодлик билан суҳбатда Удальцов ҳозирда соғлиғи яхшилангани ва яқин келажакда очлик акциясига такрор мурожаат қилмасликка умиди борлигини билдирди.

- Озодлик туйғуси мени сархуш қилмоқда. Одамларнинг мени¸ аниқроғи биз курашаëтганимиз ғоя ва мақсадларни қўллаб-қувватлаëтгани мени илҳомлантирмоқда¸ янги куч бермоқда. Ҳозир мен ҳаëтимнинг энг тўлқинли кунларини яшаëтирман. Аммо бугун ўн минглаб¸ юз минглаб¸ миллионлаб оғиздан бирдек гапираëтган талаблар ижросига эришганимизда бунданда шавқлироқ кунларни яшаймиз. Бу талаб эса Россияни озод¸ адолатли ва фаровон кўришдир. Энг бахтли онлар ўшанда яшалади¸ деди ҳибсдан озод этилган Сергей Удальцов.

Сергей Удальцов ўз тарафдорларини Владимир Путиннинг қайта ҳокимиятга келишига қарши курашни давом эттириш ва демократия тарафдорларининг 4 феврал кунига белгиланган янги норозилик намойишига чиқишга чақирмоқда.

- Ҳозирча ҳокимият пайт пойламоқда. Улар норозилик кайфиятининг пасайишига умид қилмоқда. Мен бунинг тескарисига ишонаман¸ зотан бизнинг намойишларимиз ўткинчи модага эргашиш эмас. Россия жамияти уйқудан уйғонди ва энди шу пайтгача чидаб келгани қонунсизлик¸ ҳақорат ва адолатсизликларга тоқат қилиш ниятидан йироқ. Мен ҳокимиятни сиқувга олиб¸ уни мутлақ қонуний бўлган талабларимизни бажариш ëхуд сиëсий саҳнадан кетишга мажбурлаймиз¸ деб ишонаман¸ деди ўз тарафдорларига қарата гапирган Сергей Удальцов.

Путин-Медведев жуфтлигининг Россия учун ҳозирлаëтган нодемократик режаларини тўхтатиш учун мухолифат етакчиси Россиядаги барча тараққийпарвар кучларни бирлашишга даъват қилди.

- Мен бугун Россиядаги прогрессив кучларнинг мутлақ якдиллик билан мамлакатда демократик ислоҳотлар ўтказиш ва ҳар хил товламачи ва ўғриларни ҳокимиятдан олиб ташлаш учун курашни давом эттириши лозимлигини ҳар қачонгидан кўра ҳам кучлироқ англадим¸ деди Сергей Удальцов.

“Сўл фронт” ҳаракати етакчиси 4 декабр куни ўша куни ўтказилган Давлат думасига сайловлар натижаси сохталаштирилганига қарши норозилик намойиши чоғида ҳибсга олиниб¸ аввалига полиция талабига бўйсунмаганлик учун 5 суткалик ҳибсга ташланган эди.

Ҳибсга олинганидан сўнг касалхонани рухстасиз тарк этганлик учун 10 декабр куни суд унга янги жазо – 15 суткалик қамоқ тайинлади. 25 декабр куни эса Сергей Удальцов 24 декабр куни Марказий сайлов комиссияси олдида ўтказилган намойиш пайтида яна полицияга бўйсунмаганликда айбдор деб топиб¸ яна 10 кунлик қамоққа ҳукм қилди. Мухолифат фаолининг ўзи ҳам унинг ҳимоячилари ҳам суд қарорларининг соф сиëсий мотивларга асосланганини таъкидламоқда.

Россиядаги мустақил сиëсатшунослар Путинни қайта Кремлга қайтариш режасининг бир қисми сифатида Давлат думасига сайлов натижаларининг сохталаштирилишидан бошланган оммавий норозилик намойишлари¸ мухолифат етакчилари ўртасида бирлик йўқлигига қарамай¸ бундан сўнг ҳам давом этажагини тахмин қилмоқдалар.

Болотная майдони ва Сахаров проспектида “Ҳалол сайловлар учун” шиори остида ўтказилган намойишларда ўн минглаб шаҳарлик аксил-путинчилар чиқди ва бу таҳлилчилар томонидан Москва ва Санкт-Петербургдаги ўрта табақанинг ҳукмрон жуфтликдан ҳафсаласи пир бўлгани аломати сифатида талқин этилди.

Мухолифатнинг “Ҳалол сайловлар учун тинч юриш” деб номланган янги норозилик тадбири 4 феврал – президентлик сайловларидан роппа-роса бир ой олдинга белгиланган.

Москвадаги намойиш ташаббусчилари ҳозирда Янги Арбат ва Садовое кольцони намойишнинг эҳтимолий жойи сифатида кўрмоқдалар. Facebook ижтимоий тармоғи орқали ҳозиргача 11 мингдан ошиқ одам унда қатнашажагини тасдиқлади.
XS
SM
MD
LG