Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:03

Брюссел Эрон нефтига эмбарго жорий қилиши мумкин


Эрон давлат даромадининг 50 фоизидан ортиғи нефт экспортига тўғри келади.
Эрон давлат даромадининг 50 фоизидан ортиғи нефт экспортига тўғри келади.

Европа Иттифоқи дипломатларининг айтишича, Эрон нефтини импорт қилишга тақиқ қўйиш тўғрисида дастлабки келишувга эришилган. Бу қарорни Қўшма Штатлар олқишлади.

Франция Ташқи ишлар вазири Алан Жуппе чоршанба куни қилган чиқишда ядровий дастуридан воз кечмаётган Эронга нисбатан жорий қилинажак санкцияларнинг тафсилотлари ЕИ ташқи ишлар вазирларининг январ ойи охиридаги йиғинигача аниқлаб олиниши мумкин, дея таъкидлади.

- 30 январ куни ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлади ва Эрондан нефт ва ёқилғи импортига эмбарго жорий қилишга оид қарорни қабул қила олишимизга умид қиляпман. Бунга оид чоралар устида ишлаяпмиз ва ҳозирча ишлар яхши кетяпти, деди Жуппе.

Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштоннинг матбуот котиби Майкл Манн Озодлик билан суҳбатда эмбаргога оид қарорни қабул қилиш учун нефтнинг муқобил манбаларини топиш муҳим аҳамият касб этади, дея таъкидлади.

- Албатта, муайан саволлар кўтарилди. Бу тўғридан-тўғри қабул қилнадиган қарор эмас. Эрондан нефт сотиб оладиган мамлакатлар кўп ва бу мамлакатлар таъмнотнинг муқобил манбаларини топиши лозим бўлади. Албатта, ҳозир иқтисод қиладиган вазиятда эканимизни ҳам унутмаслик керак. Шунинг учун бу масала хусусида яхшилаб ўйлаб кўришимиз керак, деди ЕИ расмийи.

Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатлари Эронга нисбатан иқтисодий санкцияларни жорий қилиб бўлган. Бундан ташқари БМТ ҳам ядровий қуролни ишлаб чиқаришга уринаётгани гумон қилинаётган Теҳронга нисбатан тўрт карра жазо чоралари қўллаган.

Эрон бу айбловларни инкор қилиб келади ва ўз ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини айтиб келади.

Эрон давлат даромадининг 50 фоизидан ортиғи нефт экспортига тўғри келади ва ЕИ эмбаргоси Теҳронга нисбатан босимни сезиларли даражада оширади. Ҳозирда Эрон нефт экспортининг 17 фоизидан ортиқроғи Европа Иттифоқи давлатлари ҳиссасига тўғри келади.

Эрон расмийлари эса жазо чоралари ўзига нисбатан унча таъсир қилмаслиги ва нефтини Хитой ва Ҳинбистон каба мамлакатларга сотиши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ соҳа мутахассисларига кўра, Эрон Осиёдаги харидорларга нефтини арзонроқ баҳода сотишга мажбур бўлади.

Вашингтонда чиқиш қилган АҚШ Давлат департаменти матубот вакили Виктория Нуланд ЕИ кўриб чиқаётган қарор “кўплаб маслаҳатлашувлар натижасидир” дея баён қилди.

- Бу каби қадамларни нафақат Европадаги каби иттифоқчи ва ҳамкорларимиз, балки бутун дунёдаги мамлакатлардан қабул қилишларини истар эдик. Чунки бу Эронни иқтисодий жиҳатдан сиқув остига олишига ишонамиз ва ўйлашимизча, Эронни мазкур масалага жиддий диққат қаратишга кўндиришнинг йўли унинг нефт соҳасини нишонга олишдир, деди АҚШ расмийси.

Нуланднинг айтишича, келаси ҳафта АҚШ Молия вазири Тимоти Гайтнер АҚШнинг Эрон Марказий банкига нисбатан янги санкциялари борасида “мувофиқлаштирув” масаласини муҳокама қилиш учун келаси ҳафта Хитойга сафар қилади.

Айни пайтда, Теҳрон Ҳормуз бўғозида яна ҳарбий машқлар ўтказиш ниятларини эълон қилди. Ҳормуз орқали Яқин Шарқ мамлакатлари қазиб оладиган нефт экспортининг катта қисми ўтади.

Жорий ҳафта бошида Теҳрон Вашингтонни Форс кўрфазига ўзининг авиаташувчи кемасини қайтариш ва янги санкцияларни жорий қилишнинг оқибатларидан огоҳлантирди.

Вашингтон бу таҳдидлар Эроннинг “заиф позициясини” намойиш қилиши ва ўзининг ҳарбий кемасини Форс кўрфазига қайтариш режаларидан қайтмаслигини баён қилди.
XS
SM
MD
LG