Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:21

Тошкентликлар транспорт хизматидан рози, лекин...


“Жамоат транспорти иши яхши, автобуслар ўз вақтида келади, фақат ҳукумат кекса йўловчилар масаласига эътибор бериб қўйса яхши бўларди”. Бу фикрни тошкентлик уй бекаси Лола опа билдирди. “Тошавтобустранс” ҳиссадорлик компанияси вакили Янги йил арафасида Тошкентда пайдо бўлган миш-мишларни рад этар экан, “Янги йилдан бошлаб йўлкира нархи ошмайди, 600 сўм эди ва шундай бўлиб қолади!” деган эди. Шу гап баҳона мухбиримиз Ўзбекистон пойтахтида аҳолига транспорт хизмати аҳволига бир назар ташлади.


Янги йилдан Тошкентда “Тошавтобустранс” вакили ваъда қилганидай, чиндан ҳам йўлкира қимматламади.

Барча турдаги жамоат транспортида йўл кира 600 сўм, деб хабар қилди уй бекаси Лола опа.

- Транспорт ўз вақтида келади. Маршрутлар ҳам яхши бўлиб қолган ҳозир. Метродан умуман розиман. Чунки метро энг аккуратний ишлайдиган транспорт воситаси, дейди Лола опа.

Оддий уй бекасидан эшитганимиз гапни юк ташиш билан шуғулланиб келган, лекин баъзи сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган бир хусусий корхона раҳбаридан ҳам эшитдик.

- Яхши. Кўп йўналишлар очилдию. Йўналишлар кўпайиб қолди ҳозир. Аҳолига қулай ҳозир.

Озодлик: Ўзи умуман шу соҳада экансиз. Фойдали ишми йўловчи ташиш?

- Фойдали, дейди фаолиятини тўхтатган хусусий корхона раҳбари.

Тошкентда эндигина ташкил этилган, лекин ҳали фаолият учун лицензия олишга улгурмаган транспорт корхонаси раҳбари, ўзини Абдумўмин деб таништирган йигит ҳам Озодликнинг баъзи саволларига жавоб берди.

Озодлик: Лицензия олиш осонми қийинми?

- Лицензия энди мутахассислар аттестациялардан ўтказилиб тайëрлаб ўтгандан кейин олинадида.

Озодлик: Лицензия олганингиздан кейин шаҳарда автобус билан хизмат кўрсатасизми, маршрут такси биланми ëки такси биланми?

- Қайси фаолиятга лицензия олишга боғлиқ. Йўловчи ташийдиган бўлса, алоҳида лицензия бўлади. Юк ташиш бўйича алоҳида лицензия бўлади. Такси йўналиши бўйича қиладиган бўлса, унга алоҳида. Қайси фаолият тури билан шуғулланадиган бўлса, шу фаолият турига лицензия олинади.

Озодлик: Кейинги йилларда аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш яхшиланди деган фикрдамисиз ëки...

- Яхшиланди. Олдин автобусни интервал бўйича 5-10 минут кутадиган бўлса одамлар, ҳозир 1 минут ҳам кутмаяпти. Таксилар ҳам кўп, маршрут ҳам, автобуслар ҳам. Одамларда кутиш бўлмаяпти. Ҳаммасида қулайлик яхшиландида.

Озодлик: Лицензия қачон қўлингизга тегади?

- Ҳозир мутахассисларимиз аттестациядан ўтишаяпти. 144 соатлик ўқиши бор. Шуларни ўқиб бўлгандан кейин аттестация топширса, кейин оламиз.

Озодлик: Лицензия олишга ҳаракатни бошлаганингиздан лицензия қўлингизга теккунча қанча муддат ўтади деб ўйлаяпсиз?

- Икки ой муддат ўтса керак.

Озодлик: Демак, икки ой муддатда қўлингизга лицензия тегади.

- Ҳа. Мутахассислар топшириб ўтса бўлдида. Муаммоси йўқ, дейди транспорт корхонаси очаётган Абдумўмин.

Янги йилнинг биринчи кунидан бошлаб пойтахтдаги баъзи йўналишларда қатнайдиган автобуслар ўрнига маршрут таксилари қатнай бошлади.

Бу ҳақдаги маълумотни “Тошшаҳартрансхизмат” ассоциацияси вакили Равил Сулаймоновдан олдик.

Унинг айтишича, Ибн Сино-2 массивидан Аэропортгача қатнаган 92-автобус ўрнига 32-маршрут такси, Чилонзорнинг 25-кварталидан Авиасозларгача қатнаган 127-автобус ўрнига 15-маршрут такси, ТТЗдан “Зенит” заводигача қатнаган 136-автобус ўрнига 6-маршрут такси ҳамда ТТЗдан “Қўйлиқ-2” масссивига қатнаган 142-автобус ўрнига 39-маршрут такси қатнамоқда.

Ҳа тошкентликлар транспорт хизматидан рози. Айни пайтда, вилоятларда мана бундай кўринишларга ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.

Бу видео Бухоро қизи блоггери томонидан Youtube порталига қўйилган.

XS
SM
MD
LG