Линклар

12 йилга мўлжалланган мудофаа режасида АҚШнинг Осиё ва Тинч океани минтақасида ҳарбий салоҳиятини ошириш кўзланган.


5 январ куни Пентагондаги матбуот анжуманида президент Барак Обама АҚШнинг қайта кўриб чиқилган мудофаа стратегиясини эълон қилди.

Барак Обама янги мудофаа стратегиясида АҚШ армияси босқичма-босқич ислоҳ қилиниши, қуруқлик қўшинлари сони қисқартирилиши режалаштирилганини билдирди.

Афғонистон ва Европадаги Америка қўшинлари қисқариши ҳисобига АҚШ ҳарбийлари сони жами 10 фоизга камайиши тахмин қилинмоқда.

Эндиликда АҚШнинг мудофаа тизими бюджети миллиардлаб долларга қисқаради.

Аниқ рақамларни Оқ уй кейинги ойда эълон қилиши айтилди.

АҚШ янги мудофаа режасида Американинг Осиё ва Тинч океани минтақасидаги ҳарбий ҳозирлигини кучайтириш кўзда тутилади.

- Биз Осиё ва Тинч океани минтақасида ҳарбий салоҳиятимизни оширамиз. Молиявий қисқартиришлар бу ҳудудларга тааллуқли эмас. Биз муҳим ҳамкорлар ва иттифоқчилар, асосан мунтазам равишда ўз таъсирини намойиш қилаётган НАТОни инвестиция қилишни давом эттирамиз. НАТО сўнгги бор Ливияда ўз кучини кўрсатди. Биз айниқса Яқин Шарққа нисбатан ҳушёрликни сақлаб қоламиз, деди Барак Обама.

Таҳлилчиларга кўра, кейинги пайтда Хитойнинг ҳарбий қудрати ошиб бораётгани ортидан пайдо бўлган ташвишлар боис АҚШ Осиё ва Тинч океани минтақасида ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлашга киришган.

Мавжуд стратегияни қайта кўриб чиқиш ҳақида АҚШ президенти Барак Обама ҳарбий расмийларга ўтган йил махсус топшириқ берган эди.

Келаси 12 йилга белгиланган мудофаа стратегиясини мамлакат стратегик манфаатларини хатар остига қўймаган ҳолда 400 миллиард долларга қисқартириш топшириғи асосида собиқ Мудофаа вазири Роберт Гейтс ташаббуси билан стратегия қайта кўриб чиқилди.

Қайта ишланган стратегияда бир пайтнинг ўзида иккита уруш олиб бориш ва уларнинг иккаласида ҳам ғолиб чиқишга қаратилган кўпдан амалда бўлиб келган мақсаддан воз кечилгани айтилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG