Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 23:19

Ўзбекистон газни 305 доллардан сотмоқчи


Ўзбекистон ҳукумати шу кунгача Қирғизистон билан газ шартномасини имзолагани йўқ.

“Қирғизгаз” ширкати раҳбари ўринбосари Евгений Орленко шу кунларда қирғиз томони Ўзбекистон билан ҳам, Қозоғистон билан ҳам газ бўйича музокараларни олиб бораётганини, аммо ҳалигача 2012 йил учун газ шартномаси имзоланмаганини билдирди.

- Ўзбекистон ва Қозоғистон билан олиб борилаётган музокаралар ҳозирча натижа бергани йўқ. Менимча, шу ҳафтанинг охиригача газ масаласини ҳал қилсак керак. Ҳозир шартнома йўқ бўлса ҳам Қирғизистонга газ берилаяпти, -деди Евгений Орленко.

Расмийнинг билдиришича, қирғиз томони Ўзбекистон билан газ нархи борасида келиша олмаяпти. Масалан, Қозоғистон Ўзбекистондан ўзи учун сотиб олаётган газининг бир қисмини Қирғизистоннинг шимолий ҳудудларига 195 доллардан сотмоқда.

Қирғизистоннинг жанубий вилоятларини газ билан таъминлаётган Ўзбекистон эса “зангори олов”га 305 доллардан ҳақ талаб қилмоқда. 2011 йилда Ўзбекистондан газ 223 доллардан сотиб олинган эди.

Энгергетика бўйича эксперт Жамалбек Тулабердиев расмий Тошкент Қозоғистон сотиб олаётган газнинг бир қисмини Қирғизистонга деярли икки баробар арзон баҳода сотаётганига норозилик тариқасида газ шарномасини имзолашни ортга суриб келаяпти, деб ҳисоблайди.

- Ўзбекистоннинг норозилигини тушунса бўлади. Нега энди ўзбек газини қозоқлар қирғизларга арзон нархда сотаяпти? Ўзбекистон бу газни 190 доллардан эмас, 300 доллардан сотиши мумкин эди. Энди Ўзбекистон қозоқларга ҳам газ нархини кўтаради, -деди эксперт Жамалбек Тулабердиев.

Қирғизистон парламентидаги энергетика қўмитаси аъзоси, депутат Азамат Арапбаев газ музокараларининг чўзилиб кетиши ва газ нархининг йилдан-йилга юқорилиши ҳукуматларнинг ўзаро манфаатлари мувофиқлаштирлмагани туфайли содир бўлаяпти, деб ҳисоблайди:

- Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам электр энергиясига муҳтожлик сезмоқда. Кўп йиллардан бери Қирғизистондан электр энергияси сотиб олмаган Ўзбекистон ҳам ҳозир бизнинг электр энергиямиз билан таъминланмоқда. Ҳукуматлар электр энергияси ва газ масаласини алоҳида-алоҳида муҳокама қилмасдан, бу масалага комплексли ёндошсалар яхши бўлар эди. Масалан, Қирғизистон Ўзбекистонни электр энергия билан, Ўзбекистон эса Қирғизистонни газ билан таъминлаши мумкин, -деди депутат Азамат Арапбаев.

Ўтган йилнинг сентябрида Қозоғистон Ўзбекистондан сотиб олаётган газининг 240 миллион куб метрини Қирғизистоннинг шимолий вилоятларига 195 доллардан сотиш мажбуриятни олган эди. Аммо қиш бошланиши билан Қозоғистон шартномада белгиланган миқдордан оз ҳажмда газ бера бошлади.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳам Қирғизистоннинг жанубий вилоятларига берилаётган газ ҳажмини озайтирди. Ўтган йили Ўзбекистон Қирғизистонга газни 223 доллардан сотган эди. 2011 йил якунида эса расмий Тошкент газнинг ҳар минг куб метри учун 305 доллардан ҳақ талаб қилмоқда.
XS
SM
MD
LG