Линклар

Юридик шахслар учун мобил алоқа қимматлади

  • Садриддин Ашур

Дунёда энг арзонлардан бири ҳисобланган ўзбек мобил алоқаси қимматлашиши мумкин.

Дунёда энг арзонлардан бири ҳисобланган ўзбек мобил алоқаси қимматлашиши мумкин.

2012 йилнинг 1 январидан мобил алоқа компаниялари хизматларидан фойдаланувчи юридик шахсларга ҳар ойда 400 сўмлик тўлов жорий қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 2011 йил 30 декабрда имзолаган қарорида айтилади.


Юридик шахслар абонентлари рақамларидан тушган қўшимча тушумнинг 90 фоизи давлат бюджетига, 10 фоизи Ўзбекистон Алоқа ва ахборот агентлиги ҳисобига ўтказилади.

Янги тўловларнинг жорий қилиниши янги йилдан бошлаб Ўзбекистондаги мобил алоқа операторлари хизматлари нархларининг кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин.

Бироқ, айни пайтда МТС-Ўзбекистон, “Билайн”, “Ucell” мобил алоқа компаниялари ўтган ойда мобил Интернет нархларини бир оз туширди, мижозларга турли хил акциялар ва бонуслар таклиф қилмоқда. "Uzmobile" ва "Perfectum Mobile" мобил алоқа компаниялари эса ҳозирча нархларнинг ошгани ёки тушгани ҳақида ҳеч қандай ахборот бергани йўқ.

Ўзини МТС-Ўзбекистон мобил компаниясининг Қўқон шаҳар бўлими юристи деб таништирган Аббоснинг айтишича, ҳозирча уларнинг компаниясида юридик шахслар учун 400 сўмлик тўлов жорий қилингани йўқ:

- Бизнинг компаниямиз бўйича бу ҳақда ҳали ҳеч қандай ўзгартишлар киритилмаган. Бизда ҳозирча янгилик шуки, жисмоний шахслар учун кунига 1 центдан абонент тўловлари жорий этилди. Баъзи тарифларда абонент тўлови йўқ эди. Нархлар сал ошди холос,- дейди Аббос.

Компания ҳуқуқшуноси бунинг сабабларини шундай изоҳлайди:

- Бу компаниянинг абонент базасини енгиллаштириш ва рақамларни тезроқ бўшашини таъминлаш мақсадида қилинди. Чунки кўпчилик бир неча номер олиб қўйишган ва бу рақамлар актив эмас. Агар шундай бўлса, мижоз ё бу рақамдан воз кечади ёки бекорга пулим кетяпти, деб уни фаоллаштириши мумкин,- дейди ўзини МТС-Ўзбекистон мобил компаниясининг Қўқон шаҳар бўлими юристи деб Аббос.

Ўзбекистондаги мобил алоқа нархи, дунёдаги энг арзон нархлардан бири эканлиги айтилади. Мобил алоқа ширкатларининг аксари бир минутлик чиқиш қўнғироғи учун 3 центдан (АҚШ доллари центи) ҳақ олади. Тармоқ ичида эса бундан ҳам арзон ёки текин. Кириш қўнғироқларининг деярли барчаси бепулдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG