Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:54

Туркия Қуролли кучлари собиқ қўмондони қамоққа олинди


Генерал Илкер Бошбуғ.
Генерал Илкер Бошбуғ.

Генерал Илкер Бошбуғ иқтидордаги ҳукуматини ағдариш мақсадида террор тармоғи тузганликда айбланмоқда.


Туркия Қуролли кучлари Бош штабининг собиқ раиси¸ генерал Илкер Бошбуғ 2007 йилда бошланган Эргенекон иши доирасида қамоққа олинган энг юқори даражали турк ҳарбийсидир.

Эргенекон ишида ҳозирга қадар юзлаб одам қамоққа олинди¸ улар орасида истеъфодаги ҳарбийлар¸ олимлар¸ ҳуқуқшунос ва журналистлар бор.

Уларнинг барига исломий руҳдаги ҳукмрон Адолат ва тараққиëт партиясини ағдариш фитнасига алоқадорлик айби қўйилмоқда.

Туркия ҳарбийларининг 2009 йилда Бош вазир Эрдўғон ҳукуматини ëмонотлиқ қилиш билан шуғулланган ўнлаб Интернет нашрларини молиялаштиргани айби бўйича прокурорлар томонидан 7 соат сўроққа тутилган генерал Бошбуғ 6 январ куни Истанбул яқинидаги қамоққа олиб келинди.

2010 йил августида истеъфога чиққан генерал Бошбуғга ҳукуматни ағдаришни мақсад қилган террорчи гуруҳга бошчилик қилганлик айби қўйилмоқда.

Генерал Бошбуғ адвокати Илкер Сезернинг айтишича¸ ўз мижози қўйилаëтган айбларни мутлақ инкор этмоқда ва бутун бу воқеани трагикомедия деб атаган.

Ўзига қўйилаëтган айблардан жаҳли чиққан генерал Бошбуғ¸ қамоққа олиб кетилиши арафасида мухбирларга “Туркия жумҳурияти Қуролли кучлари Бош штабининг 26-раиси террор гуруҳи тузганлик ва унга етакчилик қилганликда айбланмоқда. Мен бундай туҳматга баҳо беришни буюк турк халқига қолдираман¸ дея баëнот берди.

Генерал Бошбуғ ҳам, Эргенекон иши бўйича қўлга олинган бошқа сиëсий маҳбуслар ҳам исломий руҳдаги Эрдўғон ҳукуматини ўз дунëвий мухолифлари овозини ўчириш учун уларни қамоққа ташлаëтганликда айбламоқда.

Кейинги уч сайловларда ғалаба қозониб¸ ҳукмрон Адолат ва тараққиëт партияси¸ танқидчилар ва мустақил таҳлилчиларга кўра¸ Туркиядаги демократик тузум устуни ҳисобланган ҳарбийларнинг сиëсий ҳаëтдаги ролини заифлаштириб келмоқда.

Туркия давлат тизимидаги энг қудратли идора ҳисобланмиш ҳарбийлар мамлакатдаги сиëсий ҳокимият тақдирини белгилашда муҳим куч бўлиб келган ва кейинги бир неча ўн йиллик тарихда бир неча бор ҳарбий тўнтариш орқали мамлакатдаги дунëвий тузумни сақлаб келган. Турк генераллари босими остида 1997 йилда исломий Бош вазир Нажмиддин Эрбоқон ҳокимиятдан кеткизилган эди.

Ҳозирга қадар Эрдўғон ҳукуматини ағдаришга уринганлик айби билан Туркияда жами 58 генерал ва адмирал қамоққа олинган. Туркия тарихида мамлакат дунëвийлиги гаранти бўлиб келган ҳарбийларга қарши бораëтган мисли кўрилмаган бу кампанияга норозилик тариқасида 2011 йилнинг 29 июлида мамлакатнинг энг юқори даражали тўрт генерали истеъфога чиққан эди. Улар орасида Бошбуғдан сўнг Қуролли кучлар Бош штаби раиси лавозимини қабул қилиб олган генерал Исик Кўсанер ҳам бор.

Мустақил таҳлилчилар¸ Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ҳарбийлар¸ хусусан қудратли генералларга қарши олиб бораëтган жазо кампанияси Туркиядаги демократия истиқболига жиддий таҳлика солаëтганидан хавотир билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG