Линклар

logo-print

Жанаўзенда парламент сайлови бўлмайди


15 январ куни Жанаўзенда сайлов участкалари очилмайди.

15 январ куни Жанаўзенда сайлов участкалари очилмайди.

Қозоғистоннинг Жанаўзен шаҳрида фавқулодда ҳолат режими узайтирилгани муносабати билан парламент сайловлари ўтказилмайди. Қозоғистонда парламент сайловлари 15 январга белгиланган. Жанаўзенда эса овоз бериш фавқулодда ҳолат бекор қилингач, ўтказилади.


Қозоғистон Конституциявий кенгаши раиси Игорь Рогов, жума куни ўтказилган матбуот брифингида “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонунга кўра, Жанаўзенда сайлов ўтказиб бўлмаслигини маълум қилди.

“Фавқулодда ҳолат амал қилиб турган шароитда фуқароларнинг эркин хоҳиш билдириши, конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини тўла кафолатлаш имкони бўлмагани боис, фавқулодда ҳолат режими амал қилаётган жойларда сайлов ўтказиб бўлмайди”, деди у.

Гап Жанаўзен ҳақида бораётганини айтган Рогов, Марказий сайлов комиссияси бу ҳолатни изоҳлаб беришни сўраб, Конституциявий кенгашга мурожаат қилганини маълум қилди. “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонун ва президентнинг Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳрида фавқулодда ҳолат муддатини узайтирганидан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссиясига тегишли тушунтириш берилди, дея қўшимча қилди Конституциявий кенгаш раҳбари.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Владимир Фоос Озодлик билан суҳбатда Конституциявий кенгаш кўрсатмасига кўра, Жанаўзенда сайлов ўтказмаслик қарори қабул қилинганини маълум қилди.

- Бу хусусдаги саволларга жавоблар кўп, лекин асосий маъноси шундан иборатки, сайлов ўтказилмаслиги керак. Ва бу хусусда Марказий сайлов комиссияси бугун соат 15 да ўтказилган мажлисда Жанаўзен шаҳрида сайлов ўтказмаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Маслаҳат (Қозоғистон парламенти) депутатларининг навбатдаги сайлови у ерда фавқулодда ҳолат режими бекор қилинганда ўтказилади, деди Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари.

Фоос Конституциявий кенгаш бу қарорни қабул қилишдан олдин кўплаб маслаҳатлашувлар ўтказгани ва унинг халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид келмаслиги тўғрисида хулоса чиқарганини таъкидлади.

Қозоғистонда парламент сайловлари 15 январга белгиланган. Жанаўзенда эса, сайлов фавқулодда ҳолат режими тугагач ўтказилиши айтилмоқда. Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев 4 январ куни мамлакат жанубидаги Жанаўзенда фавқулодда ҳолат режими муддатини узайтириш ҳақида қарор қабул қилган.

Марказий сайлов комиссияси Жанаўзенда параламент сайловларини ўтказмаслик тўғрисидаги қарорида у ердаги сайлов комиссиялари ишини тўхтатиб туришни ҳам буюрди.

Жанаўзенда маҳаллий нефт заводи ишчилари ўз маошларининг оширилишини талаб қилиб, ўтган йил май ойидан бери иш ташлаб келаётган эди. 16 декабр, Қозоғистон Мустақиллигининг 20 йиллиги нишоналадиган куни норозилик намойишларининг тартибсизликларга айланиб кетиши оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 17 киши ҳалок бўлган эди.

Бу воқеалардан кейин Жанаўзенда фавқулодда ҳолат режими жорий қилинган эди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигига кўра, Жанаўзендаги оммавий тартибсизликларнинг 40 қа яқин фаол қатнашчилари аниқланган ва улардан 18 нафари қўлга олинган. Шунингдек, Манғистау вилоятининг Шетпе шаҳарчасида бўлиб ўтган воқеалардан кейин ҳам 10 киши ҳибсга олингани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG