Линклар

Бугун "Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган тингловчиларимиз қишнинг асосий мауммоси - электр тақчиллигидан гапиришди.


Анакондани уйда боқиш мумкинми?


Тошкентлик тингловчимиз Саидмуроднинг бу саволига дабдурустдан “Ҳа” ҳам, “Йўқ” ҳам, деб жавоб бера олмадик.

Тўғриси, уй шароитида анаконда боқиш тўғрисида ўйлаб кўрмаган эканмиз.

Саидмуродда бу саволнинг пайдо бўлиб қолиши сабабини унинг ўзидан сўрадик.

- Мен Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида яшайман. Мен маҳаллий нималарга мурожаат қилдим. Маҳаллий деганда энди узоққача бора олмадиму ҳокимият билан чегараландим десам ҳам бўлади. Мазмун шундан иборатки, Ўзбекистон телевидениесининг Тошкент каналида мисол учун битта кўрсатув берилди. Кўрсатувда шу нарса реклама қилинаяптида энди. Бир оиланинг заҳарли нарсалари илонлари, кобра, питонлари орасида анакондалари ҳам бор, ўшаларнинг тухумларидан очтириб сотаëтганлигини ...

Озодлик: Илонларни кўпайтирарканми?

- Илонларнинг тухумидан кўпайтираркан. Квартирасини кўрсатаяпти. Илонлар паркетнинг устида судралиб бемалол у ëқдан бу ëққа юрибди. Ҳаммаси заҳарли бўғма илонлар. Уни кўриб мен ўзим ҳам, оиламдагилар ҳам икки-уч кун ухлай олмадик очиғиони айтсам. Шу нарса кимга тарқатилаяпти? У олаëтган одамларнинг қўлида ҳайвон ўргатишга сертификати борми йўқми унга қарамасдан тарқатилаëтганлигини очиқдан очиқ кўрсатаяпти.

Озодлик: У илонларни сотарканми ëки совға қиларканми?

- Сотаркан. Кўпайтириб сотаркан. Ўзи циркда ишларкан. Ширин Ражабова дедими фамилиясини унча эсимда қолмади. Шу нарсаларни телевидениеда кўрсатиш жуда нотўғри бўлса керак. Оддий бир ўзбекистонлик бўлиб туриб ўзим ваҳимага тушдим. Шу нарса мени ташвишлантиргани учун Эркин микрофонга телефон қилаяпманки, тўғримни нотўғрими, кўпчилик нима деркан, дейди тошкентлик Саидмурод ака.

Тошкентлик тингловчимиз Саидмуродни қийнаётган савол жавобини Эркин микрофон эшиттириши доирасида топиб беришнинг имкони йўқ.

Хўш, умуман Ўзбекистонда ва хусусан пойтахтда уй шароитида экзотик ҳайвонларни боқиш масаласи қандайдир қонун-қоидалар билан тартибга солинганми?

Бу мавзуни алоҳида ўрганишга кейинроқ ҳаракат қилиб кўрармиз.

“Қишлоқда биров ўлса, телевизор кўрамиз”


Қашқадарёнинг Яккабоғида яшовчи Адолат исмли тингловчимизнинг ҳасратидан узиб олинган бу гап алоҳида – бошқа гапларга боғланмаган ҳолида ўта хунук эшитилади, албатта.

Яккабоғликлар ҳам, бошқа барча миллатдошлари каби яқини қазо қилса, 40 кун телевизор ёқмайди.

Лекин...

Келинг, нима гаплигини Адолат опанинг ўзидан эшитайлик.

- Менинг исмим Адолат. Қашқадарëнинг Яккабоғиданман. Икки кун бўлди бизнинг Озодликни эшитаëтганимизга. Ўзбекистоннинг Тожикистоннинг иккита шаҳрига свет берганини эшитиб қолдик. Ўзимизда йўқ ўша светларда. Бизларнинг ҳаммамизга алам қилади. Ҳамма қийналиб ўтирибди светдан. Газ майли, бермасин газни. Светдан қийналаяпти. Кечқурун соат 6-7дан ҳаммаси ўтириб радиони эшитиб ўтиради. На телевизор бор, на дарс тайëрлайди. Уларнинг келажаги нима бўлади?

Озодлик: Қачондан бери йўқ?

- Янги йил куни бир-икки кун ëқди. 31 декабр куни обеддан кейин ëқди, биринчи кунлари бир-икки соат ўчирганини инобатга олмаса, яхши ëнди. Мана ҳозир уч суткадан бери свет йўқ. Ярим кечаси ҳамма ухлаганда 3-4ларда бир соат свет беради. Кундузи ҳам шу аҳвол. Ўзбекистонда яшаб туриб болаларимиз ҳақида ўйлай олмасак, қайғура олмасак, сўқир бўлиб ўсади, бошқа ҳеч нарса бўлмайди болаларимиз.

Озодлик: Янги йилгача қанча бўлмади свет?

- Ноябр билан декабр деса бўлади. Кимдир ўлиб қолса, свет бўлади. Ундан кейин свет йўқ. Қазо қилса, свет ëқиши мумкин. Ўша баҳона телевизор кўрамиз. Бошқа пайтлари қоронғида ўтирамиз, дейди қашқадарëлик Адолат опа.

Газ билан электр энергияси тақчиллиги тўғрисидаги ўзбекистонликларнинг ҳасратлари шу қадар кўпки, бу ҳақда эшиттиравериб Эркин микрофон ҳам чарчади.

Лекин, чарчадик, деб қулоқ солмаслик ҳам мумкин эмас.

Мана шу мавзудаги яна бир ҳасрат. Бу гал Андижоннинг Марҳаматидан.

- Исмимни айта олмайману шу Марҳамат туманиданман. Свет билан газ ҳақида озгина шикоятим бор эди. Ҳар кун мана шу аҳвол. Ора-орада бир соат ëқади, бир суткада бир соат ëқади бўлди, шу билан қайтиб ëнмайди. Газни умуман гапирмаса ҳам бўлади. Агар президентимиз мана шу гапимни эшитса, илтимос қиламан свет билан газни қишнинг кунида ҳал қилиб таъминлаб қўйишса, ëмон бўлмас эди, дейди марҳаматлик суҳбатдош.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG