Линклар

Қашқадарё вилояти ҳокими автоҳалокатга учради

  • Садриддин Ашур

Қашқадарё ҳокими машинаси ҳалокатга учраганини бир-биридан мустақил икки манба хабар қилди.

Қашқадарё ҳокими машинаси ҳалокатга учраганини бир-биридан мустақил икки манба хабар қилди.

Янги йил арафасида содир бўлган бу авария ҳақида 6 январь куни Озодлик манбалари хабар қилди. Бу автоҳалокатда вилоят ҳокимининг тан жароҳати олганлиги ва ҳайдовчининг ҳалок бўлгани айтилмоқда. Бироқ вилоят ҳокимлиги бу хабарни рад қилмоқда.


Ўтган йилнинг охирида Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тайинланган Туроб Жўраевнинг хизмат машинаси автоҳалокатга учради, дейди Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги Озодлик манбаси:

- Биз олган маълумотларга кўра, ҳали қайси куни бўлганини аниқ билмайман, Туроб Жўраевнинг хизмат машинаси кечқурун КамАЗ юк машинаси билан тўқнашиб кетган. Натижада ҳайдовчи ва яна бир кишининг ҳалок бўлганини айтишмоқда. Туроб Жўраевнинг ўзи қовурғаси синиб касалхонага ётқизилган,- дейди Озодлик манбаси.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Сурхондарёда "муштумзўр ҳоким" деб ном чиқарган Туроб Жўраев, Қашқадарё вилоятига ҳоким этиб тайинлангандан кейин ҳам ўз фаолиятида "муштумзўрлик сиёсатини" давом эттирган. Туроб Жўраевнинг янги йил арафасида Ерқўрғон бозори раисини, хандонписта сотаётган савдогарни, бозордаги қассобни ва тез ёрдам шифохонаси врачини калтаклагани айтилмоқда. Манбага кўра, бу автоҳалокат уюштирилган бўлиши ҳам мумкин:

- Бу уюштирилган, покушение ҳам бўлиши мумкин. Президент айтган эди, урма, сўкма, деб. Лекин бу ҳоким Сурхондарёда қилган ишларини ҳам бу ерда давом эттиряпти. Кўп раҳбарларни уряпти, сўкяпти. Лекин Қашқадарёда унақалар кўп, яъни шохини қайтариб урадиганлар. Шунга, шунақа тахминлар ҳам йўқ, эмас,- дейди Озодлик манбаси.

Исмини ошкор этмаган яна бир қашқадарёлик ҳақиқатан ҳам вилоят ҳокими Туроб Жўраев билан автоҳалокат содир бўлганини тасдиқлар экан, бу ҳақдаги маълумот қаттиқ сир тутилаётганини айтди:

- Янги йилдан олдин шундай автоҳалокат бўлган. Бу гап ҳозир фақат халқ оғзида юрибди. Бу автоҳалокат ҳеч қаерда рўйхатдан ҳам ўтмаган, регистрация ҳам қилинмаган,- дейди қашқадарёлик бу одам.

Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг ўзини умумий бўлим мудири Авезов деб таништирган вакили вилоят ҳокимининг автоҳалокатга учрагани ҳақидаги хабарни рад этди.

- Йўқ, ҳеч нарса бўлгани йўқ. Автоҳалокат ҳам бўлгани йўқ. Кўчада қандай гап юрганини билмайман, ҳоким ишлаяпти,- дея гапни қисқа қилди вилоят ҳокимлиги вакили Авезов.

Бироқ унинг овозидан рад жавобининг қатъийлиги сезилмаганини айтиш жоиз.

Илгари Сурхондарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаб келган Туроб Жўраев ўтган йилнинг 30 ноябр куни Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тайинланган эди.

Туроб Жўраев Ўзбекистондаги энг зўравон ҳокимлардан бири экани айтилади.

Туроб Жўраевнинг 25 октябр куни Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда 8 та коллеж директорини калтаклагани ҳақида айни шу мажлисда қатнашганлардан бири Озодликка ҳикоя қилиб берган эди.

Айни шундай воқеалардан бирида, 12 сентябр куни пахта устида Туроб Жўраевдан дакки эшитиб, тунни ички ишлар бўлимида ўтказган Сурхондарё вилоятининг Музробод туманидаги Зиёдилло Қўлдошев маҳалласида истиқомат қилган 50 яшар фермер Исмоил Тўраназаров ўзини осган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG