Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:17

Қийноққа солинган афғон келинчаги адолат изламоқда


Эри ва унинг яқинлари томонидан мунтазам қийноққа солинган Саҳар Гул Кобул касалхонасида. 5 январ¸ 2012 йил
Эри ва унинг яқинлари томонидан мунтазам қийноққа солинган Саҳар Гул Кобул касалхонасида. 5 январ¸ 2012 йил

Бундан икки ҳафта аввал қутқариб олинганида 15 яшар келинчак Саҳар Гул ўлар аҳволда эди.

Бу ҳақда хабар топган Озодлик мухбири бахтсиз қизни шимолий Бағлон вилояти маркази Пули Қумри касалхонасига биринчи марта бориб кўрганида у майиб-мажруҳ ҳолда¸ қаттиқ оғриқ ичида эди.

Саҳар Гул 28 декабр куни Пули Қумридаги касалхонага олиб келинди.
Саҳар Гул 28 декабр куни Пули Қумридаги касалхонага олиб келинди.
Аммо 6 январ куни Саҳар Гулни даволаëтган врачлар Озодлик мухбирига унинг аҳволи ўнгланаëтгани¸ келинчакни тиббий муолажа учун аввал режалангани каби Ҳиндистонга олиб боришга ҳожат йўқлигини билдирдилар.

Мажбуран эрга берилган Саҳар Гул ўз эри¸ қайнона ва қайнотаси¸ шунингдек ўз қайнилари томонидан ваҳшийларча қийноққа солинганини гапирмоқда.

Саҳар Гул ҳозирда даволанаëтган Кобул касалхонасининг бош врачи Қамариддин Ҳафиз¸ қутқарилган пайтида ўлим тўшагида бўлган қизнинг тирик қолишига умид жуда оз бўлганига қарамай¸ унинг бугунга келиб тузала бошлаганини билдирди.

Айни пайтда¸ афғонистонлик врач¸ Саҳар Гулнинг тан жароҳатлари тез тузалаëтганига қарамай¸ унинг ўзига нисбатан қўлланилган зўравонликлардан олган дил жароҳатини тузатиш¸ унинг руҳий саломатлигини тиклашга анча вақт лозимлигини қўшиб қўйди.

“Бу қизга ниҳоятда кучли руҳий жароҳат етказилган. Буни тузатиш учун унга бехавотир бир жой ва мутлақ ором керак”¸ дейди Кобул касалхонаси бош врачи Қамариддин Ҳафиз.

Саҳар Гулни кўриш учун касалхонага борган Озодлик мухбири¸ қизнинг бутун баданини қоплаган яра ва жароҳатлар бита бошлагани¸ хусусан у зарбалардан моматалоқ бўлиб¸ очилмай қолган чап кўзини оча бошлаганини билдирди.

Ҳали батамом ўзига келмаганидан анча заиф ва хаста ҳолда бўлган Саҳар Гул Озодлик мухбири орқали Афғонистон ҳукуматидан ўз золимларини тутиб жазолашни сўради.

15 яшар бахтсиз келинчак Кобул касалхонасида.
15 яшар бахтсиз келинчак Кобул касалхонасида.
-Уларни қамоққа солишсин. Бор-йўқ сўрайдиганим шу¸ дейди Саҳар Гул.

Отаси ўлиб¸ онаси бошқа бировга эрга теккач¸ 15 яшар қиз бундан олти ой муқаддам ўзидан икки баравар катта бўлган эркакка 5000 доллар эвазига сотиб юборилган. Кейинги олти ой мобайнида егани калтак¸ ичгани азоб бўлганини айтади Саҳар Гул.

15 яшар келинчакка кўра¸ эрининг оиласида неча одам бўлса¸ унинг бари ўзига ваҳшиëна муносабатда бўлган¸ баданини омбур билан қийноққа солишган¸ тирноқларини пинцет воситасида қўпориб олиб¸ сочини таги билан қўпориб ташлашган.

Бағлон вилояти расмийларига кўра¸ Гулни асосан зах ертўлада сақлаб келишган¸ унинг танасини иссиқ дазмол босиб куйдиришган¸ оëқ ва қўл бармоқларини синдиришган.

Саҳар Гул ва айрим маҳаллий расмийларнинг айтишича¸ бундай қийноқлар келинчакни фоҳишаликка мажбурлаш мақсадида қўлланилган.

Саҳар Гулнинг бу қўрқинчли тақдири Афғонистондаги хотин-қизлар вазияти ўта оғир ҳолда қолаëтгани ҳақида ҳам маҳаллий¸ ҳам халқаро жамоатчилик орасида мавжуд хавотирларни янада кучайтириб юборди.

Мамлакат президенти Ҳамид Карзай Саҳар Гул золимларини адолат олдида жазолашга ваъда берди.

Бағлон полицияси расмийси Фазал Раҳмоннинг 2 январ куни билдиришича¸ Саҳар Гулни қийноққа солганликда айбланаëтган қайнона ва қайин опа ҳибсга олинган¸ унинг қочиб кетган қайин акаси ва қайнотасига нисбатан қамоққа олиш ҳақида ордер берилиб¸ қидирув эълон қилинган.

Афғон расмийлари шунингдек Саҳар Гулнинг Ҳелманд вилоятида ҳарбий хизматни ўтаëтган эрини қамоққа олишни сўраб¸ Мудофаа вазирлигига мурожаат қилган.
XS
SM
MD
LG