Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:55

Қирғизистонда диний оқимлар кўпаймоқда


Қирғизистон муфтияти Сулаймонийлар оқимини хавфли эмас, деб ҳисоблайди.

Сўнгги пайтларда Қирғизистоннинг жанубий ҳудудларидан бўлган Боткен вилоятида мамлакатда таъқиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” оқимининг фаолияти кучайган:

- Қадамжой туманида Учқўрғон деган қишлоқ округи бор. Бу ерда турли миллат вакиллари, ассосан, тожиклар истиқомат қилади. У ерда Тожикистондан келган турли диний оқимлар таъсири кучли экани, улар аёллар орасида ҳам ташвиқот ишларини олиб бораётгани тўғрисида бизда маълумотлар бор. Ўша қишлоқда аёлларни “Ҳизбут-Таҳрир” оқимига даъват қилишаётганини аниқлаганмиз, - деди Дин ишлари бўйича давлат агентлигининг жануб бўйича вакили Қурбонали Узоқов.

Боткен вилояти қозиси Султан ҳожи Гапировнинг маълум қилишича, вилоятда, шунингдек, “Сулаймонийлар” янги диний оқими ҳам фаолият бошлаган. Маълумотларга кўра, “Сулаймонийлар” исломдаги фирқалардан бири бўлган “Исмоилийлар”дан XVII аср бошларида ажраб чиққан оқимлардан биридир.

- Вилоят ҳудудида “Сулаймонийлар” диний оқими ҳам ўз фаолиятини бошлаган. Бу борада муфтиятга ҳам хабар қилганмиз. Бироқ Муфтият “Сулаймонийлар” фаолияти бизнинг анъанавий динга зид келмайди, деб баҳолади, - деди Султан ҳожи Гапиров.

Қирғизистонда янги пайдо бўлаётган диний оқимлар фаолиятининг барчаси ҳам маҳаллий аҳолининг урф-одатларига тўғри келмаслиги айтилади. Мутахасcисларга кўра, бу ҳолат келажакда турли низоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

- Покистонга даъватга бориб келган ёшлар сони жуда кўпайди. Улар: “Биздан хеч қандай хавф йўқ, биз исломгагина даъват қилгувчиларимиз”, демоқда. Уларнинг кўпайгани бутун республика бўйича кузатилаяпти. “Ваҳҳобийлар” ёки “салафийлар” фаолияти парламент томонидан тақиқланмаган. Бироқ булар ҳам “Ҳизбут-Таҳрир” оқими каби фаолиятини яширин тарзда олиб бормоқда, - дейди Дин ишлари бўйича давлат агентлигининг жануб бўйича вакили Қурбонали Узоқов.

Маълумотларга кўра, янги диний тушунчалар Қирғизистонга Туркия, Покистон, Ҳиндистон ва Араб давлатларидан келади. Диний таҳлилчи Данияр Мурадилов фикрича, чет давлатлардан янги диний тушунчалар билан бирга ўша давлат ғоялари ҳам кириб келади:

- Масалан, биздаги анъанавий ислом “мотурудий” диний таълими ва исломнинг сунний йўналишидаги “Ҳанафий” мазҳабига киради. Худди шу таълимни турк фуқароси олиб келса, у турк кўз қараши билан олиб келади. Покистондан келган “Таблиғи жамоат” ҳам мотурудий диний таълимини беради ва у ҳам “Ҳанафий” мазҳабига киради. Бироқ жамоатчиликда унга қарши фикрлар мавжуд. Араб давлатларидан келган “салафий” диний таълими бор. У Қирғизистон учун анъанавий эмас, бироқ сунний исломга киради. Уларнинг мазҳаби “Ҳанбалий” бўлса, бизда “Ҳанафий” мазҳабидир, - деди Данияр Мурадилов.

Мутахассислар Қирғизистонда диний оқимларнинг келиб чиқишини, уларнинг бир-биридан фарқларини ажрата олувчи мутахассислар йўқлиги жамоатчилик орасида диний оқимлар бўйича турли келишмовчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда, деб ҳисоблайдилар.
XS
SM
MD
LG