Линклар

logo-print

Андижонда “Наврўз” савдо мажмуаси ёниб кул бўлди

  • Садриддин Ашур

6 январга ўтар кечаси Наврўз савдо мажмуаси ëнаëтган пайтда олинган бу сурат сайтимиз мухлиси томонидан тақдим қилинди.

6 январга ўтар кечаси Наврўз савдо мажмуаси ëнаëтган пайтда олинган бу сурат сайтимиз мухлиси томонидан тақдим қилинди.

Тўрт қаватли савдо мажмуасининг ёниши оқибатида андижонлик тадбиркорлар 8 миллион доллардан ортиқ зарар кўргани айтилмоқда.


Шу йилнинг 6 январига ўтар кечаси Андижон шаҳрининг Эски шаҳар мавзесидаги “Наврўз” савдо мажмуасида ёнғин чиқди.

Озодлик олган хабарларга кўра, ёнғин кечаси бошланиб, эрталабгача давом этган. Тўрт қаватдан иборат бўлган бу савдо мажмуасидаги барча кийим-кечак, пойабзал, электротехника ва бошқа халқ истеъмоли молларининг ҳаммаси куйиб кул бўлган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган андижонликлардан бири бундай дейди:

- Бу бозорда мингга яқин тадбиркор савдо қиларди. Ёнғин беш минутда тўрт қаватни қоплаб олган. Тахминан 7-8 миллион долларлик мол ёниб кетган. Ўт ўчирувчилар ҳам ҳеч нарса қилолмаган, - дейди андижонлик суҳбатдош.

Андижоннинг Эски шаҳар маҳалалсида истиқомат қиладиган, ўзини Абдулла деб таништирган тингловчига кўра, ёнғин 6 январга ўтар кечаси бошланган:

- Соат тахминан ўнлардан кейин бошланган ёнғин. Эрталабгача бозор гуриллаб ёнган. Айтишларича, ёнғин пирожки пиширадиган дўкондан келиб чиққан. Соат тўртларда свет ўчгандан кейин улар дўконини ёпиб кетворишган экан. Кечаси дўконни ичидаги пропан газ баллони портлаб кетган, дейишяпти, - дейди Абдулла.

Андижон шаҳридаги собиқ трикотаж фабрикасининг эски биноси бўлган “Наврўз” савдо мажмуаси ўтган йилнинг августида иш бошлаган эди.

Андижон шаҳридаги Узум бозори бузилгандан сўнг, тадбиркорлар шу бинога кўчирилган эди. “Наврўз” савдо мажмуаси эгаси Андижондаги йирик тадбиркорлардан бири Ойбек Шамсиддинов эканлиги айтилади.

Андижонлик кузатувчи Жаҳонгир Қосимовнинг “Наврўз” савдо мажмуасида ишлаган тадбиркорларнинг гапларига таяниб айтишича, тадбиркорлар бу жойдан ҳам кўчирилиши ҳақида огоҳлантирилган, бироқ улар бу қарорга рози бўлмаётган эди:

- Тадбиркорларни трикотаж биносидан энди вилоят сил касалликлари диспансерининг эски биносига кўчирмоқчи бўлиб туришганди. Савдогарлар бунга қарши чиққан, "Сил касаллиги биносида савдо қилиш мумкин эмас. Қирқ йилгача унинг асоратлари сақланиб қолади", деб норози бўлиб туришган экан. Шунга бу ёнғин тасодифий бўлган эмас, дейишмоқда, - дейди Жаҳонгир Қосимов.

Жаҳонгир Қосимовга кўра, айни пайтда бозор атрофи милиция ходимлари томонидан ўраб олинган, ичкарига ҳеч ким киритилмаяпти. Ёнғин келиб чиқиш сабабларини шаҳар ҳокимлигида ташкил қилинган махсус комиссия ўрганмоқда.

Бироқ Андижон вилояти ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг матбуот хизмати раҳбари Эркин Жабборов Озодлик билан суҳбатда қасддан ёнғин чиқариш ҳолатлари борлигини қатъиян рад этди:

- У ерда биров ўт қўйиб юборган, газ портлаган каби нарсалар бўлмаган. Ҳозир экспертларимиз ҳаммаси ўша ерда, ўрганишяпти буни. Тошкентдан, Фарғонадан лабораториядан экспертлар келган. Махсус комиссия яқин кунларда ёнғиннинг асл сабабларини эълон қилади, - дейди Андижон вилояти ёнғин хавфсизлиги бошқармасининг матбуот хизмати раҳбари Эркин Жабборов.

Ўтган йилнинг 27 сентябр куни Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги кийим-кечак бозорида ёнғин чиққан эди.

Бир йил аввал Самарқанд марказидаги “Буюк ипак йўли” кийим-кечак бозорида содир бўлган ёнғин оқибатида 200 га яқин савдогарнинг ҳар бири 10 миллиондан 100 миллион сўмгача зарар кўрган эди.

Ундан аввал Тошкентдаги Паркент қурилиш материаллари бозори, Олой бозорининг кийим-кечак қисмида рўй берган ёнғин ҳам савдогарларга катта зиён келтирган эди.

2007 йилнинг июл ойида эса Андижон шаҳридаги “Янгибозор” деҳқон бозорига ҳам ўт кетган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG