Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:50

Покистон НАТО таъминот йўлини очишга шошилмаяпти


Покистон ҳукумати НАТОнинг Афғонистондаги қўшинларига тегишли юкларни олиб кетаётган юк машиналарини чегарадан ўтказмай қўйганига олти ҳафта бўлди.

Исломобод расмийлари НАТО билан муносабатни қайта кўриб чиқаётган шу кунларда чегара қачон очилиши масаласи очиқ қолмоқда.

26 ноябр куни НАТО учқичлари Покистон армиясининг постига янглиш ҳужум қилгани оқибатида Покистон армиясининг 24 аскари нобуд бўлган эди.

Бунга жавобан Исломобод Афғонистондаги НАТО қўшинларига тегишли юкларнинг мамлакат ҳудуди орқали олиб ўтилишини тўхтатиб қўйди.

Шу пайтгача Покистон ҳукумати чегарани очишга ишора қилгани йўқ.

Покистон парламентининг Миллий хавфсизлик бўйича қўмитаси раиси Миан Раза Раббоний 6 январ куни қилган чиқишида НАТО билан муносабат ўнгланмас экан, чегара ёпиқ қолишини таъкидлади.

Раббоний ўз қўмитаси Покистоннинг АҚШ етакчилигидаги НАТО кучларига ёндошуви борасида янги шартлар асосида тавсиялар ишлаб чиққани ва ҳужжат келаси ҳафтада Покистон Бош вазирига тақдим этилишини билдирди.

У қўмита тавсиялари тафсилотини ошкор қилмади.

Қўмита тавсиялари парламент томонидан қабул қилинса, сўнгра Вашингтон ҳам бу масалани кўриб чиқади.

Агар томонлар келишувга эришса, Афғонистондаги НАТО кучларининг таъминот йўли қайта очилади.

Покистон парламенти депутати, Миллий хавфсизлик қўмитаси аъзоси Хуршид Аҳмад амалга оширилган ишлар ҳақида қуйидагиларни сўзлади.

- Биз бу масалаларнинг ҳаммасини муҳокама қилаяпмиз. Ташқи сиёсатимиз АҚШ ва НАТО хусусида нималарни белгилаган бўлса, қўмита шулар устида ишламоқда. Бу тўлиқ ҳужжатдан иборат бўлади. Агар АҚШ шартларимиз асосида ишлашга рози бўлса, бу яхши. Аммо биз ишни тугатганимиз йўқ, - деди Хуршид Аҳмад.

Агар Исломобод Вашингтон билан муносабатни ўз шартлари асосида кўриб чиқмоқчи бўлса, ўз навбатида, Вашингтон ҳам Покистонга 800 миллион долларлик ёрдам кўрсатиш ҳақида июл ойида қабул қилган қарорини қайта кўриб чиқиши мумкин.

Хабарларга кўра, Покистоннинг молиявий идоралари, агар АҚШ ёрдамини тўхтатса, унинг эҳтимолий оқибатлари ҳақидаги хулосани Раббоний етакчилигидаги қўмитага жўнатган.

2001 йилда Афғонистонда толибларга қарши уруш бошланганидан бери бу НАТО таъминот йўлининг Покистон ҳукумати томонидан биринчи марта ёпиб қўйилиши эмас.

НАТО учқичлари 2010 йил сентябрида Афғонистон ва Покистон чегара ҳудудида амалга оширган ҳужум оқибатида Покистон армиясининг уч аскари ҳалок бўлганидан кейин таъминот йўли 11 кунга ёпиб қўйилган эди.

Афғонистондаги АҚШ ва НАТО етакчилигидаги халқаро кучларга таъминот юкларининг учдан бир қисми Покистон ҳудуди орқали, шунча қисми ҳаво йўли орқали, қолган қисми эса Россия, Кавказ ва Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудуди орқали етказилади.
XS
SM
MD
LG