Линклар

EurasiaNet: Ғалаба-Амузанг темир йўлида теракт бўлмаган


Ўзбекистонни Тожикистон билан боғловчи темир йўлидаги портлаш Ўзбекистон томонидан террорчилик акти сифатида кўрилгани хабар қилинган эди.

Ўзбекистонни Тожикистон билан боғловчи темир йўлидаги портлаш Ўзбекистон томонидан террорчилик акти сифатида кўрилгани хабар қилинган эди.

Нашр мухбири воқеа жойини бориб кўрди ва тўплаган маълумотлари асосида шундай хулосани чоп этди.


EurasiaNet нашри мухбирининг воқеа жойидан тўплаган маълумотларига кўра, Ўзбекистонни Тожикистон билан боғловчи Ғалаба-Амузанг темир йўлида 2011 йилнинг ноябр ойида содир бўлган портлаш террорчилик акти бўлмаган.

Ўтган йилнинг 17 ноябрида Термиз-Қўрғонтепа йўналишидаги темир йўл участкасида портлаш содир бўлган ва Ўзбекистон расмийлари буни террорчилик акти сифатида кўраётгани Uzmetronom сайти томонидан хабар қилинган эди.

Эндиликда EurasiaNet нашрининг воқеа жойини бориб кўрган мухбири Мэтю Стаурбрижга таяниб хабар қилишича, қўлга киритилган маълумотлар ҳамда расмийлардан олинган жавоблар содир бўлган воқеа террорчиларнинг иши эмаслигини кўрсатган.

Нашр Ўзбекистоннинг ўз исмини маълум қилмаган расмийсидан: "Бу теракт эмас. Бунинг нималигини сўраманг. Бу бизнинг сиримиз", деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Тожикистон учун муҳим таъминот тармоқларидан бири бўлган бу ҳудудда содир бўлган портлаш икки давлат ўртасидаги темир йўл қатновида анчагина муаммоларга сабаб бўлган эди.

Тожикистоннинг Хатлон ва Бадахшон вилоятларига тегишли юк вагонларининг Ўзбекистон ҳудудида ушлаб қолинаётганини айтган Тожикистон томони Ўзбекистонни мамлакатни қасддан иқтисодий қамал қилганини даъво қилган эди.

Буни инкор қилган “Ўзбекистон темир йўллари” давлат ширкати эса ҳодиса юзасидан тергов ва таъмир ишлари олиб борилаётганини маълум қилган эди.

Термиз-Қўрғонтепа йўналишидаги бу темир йўлидан, асосан, Тожикистоннинг жанубий қисмидаги туманларга озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар ташилади.

Айни қиш чилласида, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган вагонларнинг Ўзбекистонда қолгани, тожик расмийларининг таъкидича, республика жануби-ғарбида озиқ-овқат тақчиллигини вужудга келтирган.

Термиз-Қўрғонтепа ўртасидаги 218 километрлик темир йўлдан 1974 йилдан бери фойдаланиб келинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG