Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:38

Душанбеда қуролфуруш қўлга олинди


Тожикистонлик қуролфурушдан мусодара этилган аслаҳалар орасида тўртта Калашников автомати борлиги айтилмоқда.
Тожикистонлик қуролфурушдан мусодара этилган аслаҳалар орасида тўртта Калашников автомати борлиги айтилмоқда.

Тожикистон пойтахтида катта миқдордаги қурол-аслаҳани савдога чиқарган 27 ёшли фуқаро ҳибс этилди.


Тергов сири важидан исми ошкор қилинмаётган бу фуқаро Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг олдиндан режалаштирилган бир амалиёти чоғида қўлга олинган.

Вазирликнинг исми зикр этилишини истамаган масъулларидан бирининг айтишича, бу амалиётда милиция ходимлари харидор қиёфасида қатнашган.

Душанбе шаҳар ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, 27 ёшли маҳаллий фуқаро тўртта Калашников автомати, иккита пулемёт, битта гранатомёт, уч мингдан ортиқ турли калибрдаги ўқ-дорини 2,5 минг доллар эвазига сотмоқчи бўлган.

Айни пайтда, ҳуқуқ-тартибот идора масъулларининг айтишича, мусодара қилинган қуролларнинг манбаи ўрганилмоқда.

Бундан бир неча кун аввал Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакат шарқида катта миқдорда қурол ва портловчи моддалар яширилган жой топилганини хабар қилганди.

Ўтган йил баҳоридан кейин Тожикистонда бирорта ҳам қуролли амалиёт ўтказилмаган. Тожик жамияти учун хавфли деб қаралган мулла Абдулло ва шунга ўхшаш террорчи гуруҳлар қолдиқлари, хавфсизлик хизматларининг айтишича, 2011 йил апрелида батамом йўқ қилинган.

Расмийларга кўра, Тожикистондаги биродаркушлик урушидан (1992 ва 1997 йиллар, - таҳр.) кейин шу кунгача Душанбе шаҳрида бирор марта катта миқдорда қурол-аслаҳа сотиш ҳолати қайдга олинмаган, аммо сўнгги пайтларда айрим ташқи кучлар мамлакат барқарорлигини издан чиқаришга уринаётгани ташвишларга сабаб бўлаётир.

Аснода Тожикистон Мудофаа вазирининг собиқ муовини Абдулло Ҳабибов тахминича, куни кеча пойтахтда мусодара қилинган қурол- аслаҳа ўтган асрнинг 90-йилларида рўй берган ички низолардан кейин махсус жойларда яширилган бўлиши мумкин.

- Бундай яширин ғорлар мамлакат шарқи ва бу томонларда ҳам борлиги ҳеч кимга сир эмас. Лекин бугунги воқеанинг ташқи кучлар билан алоқадорлигига шубҳа қиламан. Чунки унақа гуруҳлар ичкарига кириб келган тақдирда ҳам ўз қуроллари билан келади. Қурол сотиш билан боғлиқ ҳолатнинг оператив тарзда фош қилиниши, менимча, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ўз ишини яхши бажараётгани натижасидир, - дея мулоҳаза билдирди собиқ мулозим Ҳабибов.

Бир гуруҳ мустақил таҳлилчилар фикрича ҳам ноқонуний савдодан тўхтатиб қолинган қурол-аслаҳа мамлакатда рўй берган ички низолардан мерос қолган бўлиши мумкин.

Уларга кўра, ўша йилларда конституциявий тузум тарафдорлари бўлган Халқ фронти собиқ қўмондонлари ёки уларга яқин доиралар бугунги ёмон иқтисодий шароит туфайли уларни пулламоқчи.

“Аммо, - дейди мустақил таҳлилчи Амният Абдуназаров, - бу қуролларга айнан мамлакат ичкарисида харидор борлиги ташвишланарлидир. Бу маълумотлар жамиятдаги айрим гуруҳлар ҳақиқатан қўлга қурол олишга ҳозирлигини далиллайди”.

- Айрим собиқ дала қўмондонларининг иқтисодий аҳволи ёмонлашди ва шунинг учун ҳам бир вақтлар ўзларига тегишли бўлган яширин қуролларни сотувга чиқараётгандир. Балки Тожикистонда янгидан низо тарқатиш учун бу ишни қилишаётгандир. Тожикистонда ана шундай низо тарқатишни хоҳловчи гуруҳлар борлиги ҳақиқат, - дейди хавфсизлик соҳасида мустақил таҳлилчи Амният Абдуназаров.

Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, 2011 йилда республика бўйлаб 824 та турли русумдаги қурол-аслаҳа аниқланиб, мусодара қилинган.
XS
SM
MD
LG