Линклар

Эрон АҚШ жосуси, деб айбланган шахсни ўлимга ҳукм қилди


АҚШ фойдасига жосусликда айбланган ва ўлимга ҳукм қилинган АҚШ-Эрон фуқароси Амир Мирза Ҳикматий.

АҚШ фойдасига жосусликда айбланган ва ўлимга ҳукм қилинган АҚШ-Эрон фуқароси Амир Мирза Ҳикматий.

Амир Мирза Ҳикматийни суд Америка жосуси, деб топиб олий жазога ҳукм қилди.


Амир Мирза Ҳикматий АҚШ ҳамда Эрон фуқаросидир ва бугун Теҳрондан олинган маълумотларга кўра, суд уни АҚШ фойдасига жосуслик қилган, деб топиб ўлим жазосига ҳукм қилган.



ISNA агентлигининг Бош прокурор Ғуломҳуссайн Муҳсиний-Эъжоийдан келтирган иқтибосида айблов "ғаним давлат Америка билан ҳамкорлик, МРБга жосуслик ва Эронда террорчиликни тарқатганлик", деб таърифланган.

Бош прокурорга кўра, Ҳикматий суд ҳукмидан арз қилиш учун 20 кунлик муҳлатга эга.

28 ёшли Амир Мирза Ҳикматий АҚШда туғилган ва у асли эронлик муҳожир оиланинг фарзандидир. У АҚШ ҳарбийларига таржимонлик қилар эди.

Ҳикматийнинг ҳибсга олингани ҳақидаги хабар декабр ойида жамоатчиликка ошкор қилинган эди. Расмий айбловга кўра, у Афғонистон ва Ироқдаги жанггари гуруҳларнинг лагерларида махсус ҳарбий машғулотлардан ўтиб келган.

Fars агентлиги хабарига кўра, Ҳикматий ҳақиқатда ҳам АҚШнинг Марказий Разведка Бюроси билан ҳамкорлик қилганига иқрор бўлган. Аммо Эронга зарар етказиш мақсадида бўлмаганини айтган ва унинг иқрорлик кўрсатмаси Эрон расмий телевидениеси орқали намойиш қилинган.

Ҳикматийнинг АҚШда истиқомат қилаётган оиласи унга қўйилган айбловларни мутлоқ инкор қилиб, унинг Эронга кекса ёшли бувиси зиёрати учун борганини айтмоқда.

АҚШ раҳбарияти эса Ҳикматийнинг озод қилинишини талаб қилди.

Бундан бироз муқаддам Эрон расмийлари АҚШ фойдасига айғоқчилик қилганликда гумон қилиниб бир неча киши ҳибсга олинганини эълон қилган эди.

Эроннинг разведка ишлари бўйича вазири Ҳайдар Мослеҳийнинг якшанба кунги баёнотида айтилишича, айғоқчиликда гумон қилиниб қўлга олинганлар 2 мартга белгиланган парламент сайловини бузишга уринишда ҳам айбланмоқда.

Мослеҳийга кўра, қўлга олинганлар Эрондан ташқарида яшовчи шериклари билан Интернет орқали алоқа қилган.

Ҳозирча жосусликда айбланаётганлар орасида Амир Мирза Ҳикматийдан бошқа кимлар борлиги номаълум.
XS
SM
MD
LG