Линклар

logo-print
АҚШ ва Эрон фуқароси Амир Мирза Ҳикматийни Эрон суди Америка жосуси, деб топиб олий жазога ҳукм қилди.

Амир Мирза Ҳикматий АҚШ ҳамда Эрон фуқаросидир ва бугун Теҳрондан олинган маълумотларга кўра, суд уни АҚШ фойдасига жосуслик қилган, деб топиб ўлим жазосига ҳукм қилган.

ISNA агентлигининг Бош прокурор Ғуломҳуссайн Муҳсиний-Эъжоийдан келтирган иқтибосида айблов "ғаним давлат Америка билан ҳамкорлик, МРБга жосуслик ва Эронда террорчиликни тарқатганлик", деб таърифланган.

Бош прокурорга кўра, Ҳикматий суд ҳукмидан арз қилиш учун 20 кунлик муҳлатга эга.

28 ёшли Амир Мирза Ҳикматий АҚШда туғилган ва у асли эронлик муҳожир оиланинг фарзандидир. У АҚШ ҳарбийларига таржимонлик қилар эди.

Fars агентлиги хабарига кўра, Ҳикматий ҳақиқатда ҳам АҚШнинг Марказий Разведка Бюроси билан ҳамкорлик қилганига иқрор бўлган. Аммо Эронга зарар етказиш мақсадида бўлмаганини айтган ва унинг иқрорлик кўрсатмаси Эрон расмий телевидениеси орқали намойиш қилинган.

Ҳикматийнинг АҚШда истиқомат қилаётган оиласи унга қўйилган айбловларни мутлоқ инкор қилиб, унинг Эронга кекса ёшли бувиси зиёрати учун борганини айтмоқда.

АҚШ раҳбарияти эса Ҳикматийнинг озод қилинишини талаб қилди.
XS
SM
MD
LG