Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:34

Қозоқ мухолифатчилари фавқулодда ҳолат бекор қилинишини талаб қилмоқда


Жанаўзен ва Шетпе воқеаларини текшириш бўйича мустақил жамоатчилик комиссияси аъзолари Жанаўзенда фавқулодда ҳолатни бекор қилишни талаб қилмоқда.


Бу ҳақда, Озодликнинг қозоқ шўъбаси хабар қилишича, 9 январ куни Олмаотада матбуот анжумани ўтказган “Жас Алаш” газетаси бош муҳаррири Рисбек Сарсенбай, “Азат” умуммиллий социал-демократик партияси лидери Бўлат Абилов, guljan.org сайти бош муҳаррири Гулжан Ергалиева билдирганлар.

Мустақил комиссия аъзолари фикрича, мазкур ҳудудда жорий этилган фавқулодда ҳолат тартиби моҳиятан барқарорликни издан чиқарувчи омил бўлиб ҳисобланади, чунки у “ҳақиқий жиноят изини йўқ қилиш ва айбсиз кишиларга қарши сохта жиноят уйдириш”га хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 16 декабр куни Қозоғистоннинг Манғистау вилоятига қарашли Жанаўзен шаҳрида ҳукумат хавфсизлик кучлари қуролсиз намойишчиларга қарата ўт очгани оқибатида камида 16 одам нобуд бўлганидан сўнг¸ президент Нурсултон Назарбоев шаҳарда 20 кунлик фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати жорий қилган эди ҳамда бу муддат 2012 йилнинг 5 январ куни тугаши керак эди. Бироқ 4 январ куни мамлакат президенти фармони билан фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати муддати 31 январга қадар узайтирилди.

Аввалроқ комендантлик соати жорий этилгани боис Жанаўзен аҳли 15 январга мўлжалланган парламент сайловларига қатнашмаслиги эълон қилинган.

Аснода Жанаўзен ва Шетпе воқеаларини текшириш бўйича мустақил жамоатчилик комиссияси аъзолари 16 декабр куни мазкур ҳудудда ҳалок бўлганлар сони расмийлар айтаётганидан анча кўп эканини қайд этмоқдалар.

Шунингдек, комиссия аъзолари, улар фикрича, ноқонуний равишда ҳибсга олинган барчани озод этишни талаб қилмоқдалар. Расмий маълумотларга кўра, Жанаўзен воқеаларидан кейин шаҳарда тартибсизликларни уюштирганликда айбланиб 18 киши ҳибсга олинган.

Жанаўзен воқеаларини текшириш бўйича мазкур мустақил комиссиядан ташқари яна бешта комиссия фаолият кўрсатмоқда.
XS
SM
MD
LG