Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:32

Президент фармони туфайли ишсиз қолдим


Қашқадарёлик тингловчимиз бозордаги дўконидан айрилгач, оиласи даромадсиз қолганини айтади.
Қашқадарёлик тингловчимиз бозордаги дўконидан айрилгач, оиласи даромадсиз қолганини айтади.

"Эркин микрофон" суҳбатдошларидан бири газ тақчилиги иссиқхонасида муаммоларни келтириб чиқарганидан гап очган бўлса, яна бир суҳбатдошимиз Интернетда назорат кучаяётганидан хавотир билдирди.


Ўзбекистонда иссиқхоналар ҳам газсиз қолди


Янгийўллик 38 яшар деҳқон Шавкат ака бу йил ўз иссиқхонасига газ бериш тўхтатилгани оқибатида, ҳосил хавф остида қолганини айтади.

- Янгийўлданман. Исмим Шавкат. Иссиқхона билан шуғулланаман. Бу йил Ўзбекистондаги теплицаларнинг газини кесиб ташлаган. Тирикчилигимиз теплицадан эди. На ëқилғи бор ҳозир унга, на кўмир. Ҳозир жуда қийин бўлди. Билмайман бу йил тирикчилик қанақа бўларкан.

Озодлик: Ўтган йил ҳам шунақамиди ëки фақат бу йил шунақа бўлдими?

- Йўқ, ўтган йиллари берган эди. Бу йил кесиб ташлади. Бутун Ўзбекистон бўйича ҳамма теплицаларнинг газини кесиб ташлаган.

Озодлик: Нимага бу йил бермаяпти?

- Сабаби теплицаларнинг кўпи ўғирлайди газни. Ундан ташқари бизга 150 сўм бўлса, чет элга қимматроқ сотгани яхшимасми.

Озодлик: Сизлар бераëтган газининг пулини тўлаб келганмисизлар?

- Пулни олдиндан тўлаймиз. Ҳар ойда олдиндан тўланади.

Озодлик: Пулини тўлаган бўлсангиз, нимага узади?

- Шунақа, бу йил газ берилмаяпти. Ҳеч қандай газ берилмаяпти. Иссиқ сувда ишлайдиган теплицалар бор. Улар ишлаяпти. Статистика бўйича Тошкент вилоятининг ўзида 1000 гектар теплица бор экан. Шунинг арзимаган гектари иссиқ сувда ишларкан. Қолган ҳаммаси газда ишларкан. Энди шунча одам теплицасиз қолди.

Озодлик: Бу йил ҳосил нима бўлади энди?

- Кўпчилик “экмаймиз, кеч экамиз” деяпти. Мен энди ҳаракат қилиб ëтибман экишимиз керак деб. Энди баҳорга бориб нима бўларкан билмадим. Нархлар кўтарилиб кетса, чегарани ëпиб нархларни тушириб юборар, дейди янгийўллик Шавкат.

Қаршидаги дўконимни бузишди, мен ишсиз қолдим


42 яшар қашқадарёлик тадбиркор Баҳодир ака ҳаққини талаб қилиб бормаган жойи қолмаганини айтади.

- Мен Қашқадарë вилоятидан Юсупов Баҳодирман. Бизларнинг бозордаги жойимизни сотиб қўйди. Ишсиз қолдирди. Бир йилдан бери ишсиз юрибмиз. 6 январда ëпган эди. Мана бир йил бўлди.

Озодлик: Сиз нима иш қилардингиз?

- Бизлар бозорда оилавий савдо қилардик янги бозорда. Дўконимиз бор эди. Дўконимизни президентимизнинг қарорлари билан бузишдида “ўрнига дўкон қуриб берамиз, 7 миллиондан пул тўлайсизлар” деди. Бизларнинг дўконимизни ўзларидан ўзлари бузиб ташладида бизларни беиш қолдирди. Бизларни на жой билан таъминлайди. Бизларни шунақа хор қилиб юрибди булар. Президентимиз бизларга шароит яратиб бериш учун тадбиркорлар йили деб ўтган йили эълон қилган эдилар. Ўтган йил бизларни тадбиркор сифатида кўрмасдан умуман бизларни хор қилиб ташлади.

Озодлик: Дўконингизни нимага бузишган?

- “Реконструкция бўлади, ўрнига дўкон қуриб берамиз” деб бузишган эди.

Озодлик: Сизларга қуриб берамиз деганми?

- Ҳа. Бизга шунақа деб бозор ходимлари айтган. Ғафур Пўлатов деган бозорком билан Шуҳрат Турсунов деган ҳокимимиз бор. Улар бизни умуман жой билан таъминламайди. Бизларга “бор, қўлингдан келган ишингни қил” дейди. Кабинетига борсак, чиқариб ҳайдайди.

Озодлик: Муаммони суд орқали ҳал қилсангиз бўлмайдими?

- Шундай гуруҳ тузилган бу ерда ҳозир. Ҳеч кимни тингламайди бу ерда ҳозир. Ҳеч ким сўрамайди. Биз республика бўйича ҳамма жойга мурожаат қилдик. Хор қилиб юрибди бизларни, дейди қашқадарëлик Баҳодир ака.

Ўзбекистонда Facebook тармоғига кириш қийинлашди


Бу ҳақда ўз исмни айтишни истамаган тошкентлик талаба гапирди.

- Жанаўзенда бўлаëтган воқеалар ëки Россияда бўлиб ўтган воқеалар балки Ўзбекистонга ҳам қаттиқ таъсир кўрсатгандир. Мана шу сабабдан Ўзбекистонда facebook, мой мир, twitter каби тармоқларни ҳам ўз қўлига олмоқчи ва буни ëшларга ўз тазйиқ йўлини ўтказиш деб ўйлайман. Кўпинча faceboоkка кириш қийинлашаяпти.

Озодлик: Қачондан бери қийинлашди?

- Бир ой бўлиб қолди. Прокси сервердан сизларнинг сайтингларга кираяпман. Лекин шарҳ қолдиришнинг иложи бўлаëтгани йўқ. Ҳозирча прокси билан кириб бўлаяпти. Кўпгина интернет компаниялари чеклашга уринмоқда. Баъзи бир вилоятларда хизмат доирасини ëпиб қўйган. Узнет хизматларини ҳам давлат чегаралашга ўтмоқда. Мен исмим сир қолишини хоҳлардим. Ўзим талабаман. Кейин муаммо бўлишини хоҳламасдим. Чунки янги қонун бўйича бунақа маълумотлар бериш тақиқланган эканку, дейди ўз исмини айтишни истамаган талаба.

Дабдабали маъракаларни бас қилиш керак


Ўз исмини айтишни истамаган қашқадарёлик отахон сўнгги пайтларда дабдабали маъракалар кўпайиб бораётганини айтади.

- Қашқадарëданман. Бир масала бўйича телефон қилаяпманда. Айтишгаям одам нима қилади. Бир одам вафот қилса, унга 50 килолаб ош пиширишади, еттиси дейди, қирқи дейди, йил оши дейди, бир хиллари 100 килолаб дамлашади. Ака шуни эфирга қўйиб, одамлардан сўраб бир нима қилиб шу нарсаларни йиғиштиришнинг иложи борми?

Озодлик: Ўзингиз бу ҳақда нима демоқчи эдингиз?

- Шунга мен қаршиман. Пули йўқ одамлар йиртилиб, қарзга ботиб қолади. Бизларнинг Қашқадарëда, Сурхондарëда шу удум бор. Иқтисодга озгина сизларнинг ëрдамларинг теккан бўладими демоқчи эдимда.

Озодлик: Сўнгги пайтда кўпайдими шунақа ҳоплатлар?

- Жуда кўп. Ким бизларда шунақа бўлса, албатта еттисига, қирқига, йилига 50-100 кило гуруч дамлайди. Республиканинг қайсидир ҳудудларидан бўлса керак тонна-тонна гуруч дамлайди. Илтимос сизлардан, шуни бир нима қилинглар. Одамлар бир кило гуруч дамлай олмаяпти. Тўқчиликдан келиб чиққан нарса бўлса керакда. Ëшлигимизда бундай нарсалар бўлмаганку, дейди қашқадарëлик суҳбатдош.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG