Линклар

logo-print

Тошкентда киракашларга қарши рейд бошланди


Тошкентда машинасини қаймоқ рангига бўямасдан ва томида TAXI ёзувли фонарсиз киракашлик қилаётганларга ов очилгани айтилмоқда.

Тошкентда машинасини қаймоқ рангига бўямасдан ва томида TAXI ёзувли фонарсиз киракашлик қилаётганларга ов очилгани айтилмоқда.

Йил бошида кучга кирган таксилар фаолиятини тартибга солиш тўғрисидаги ҳукумат қарорини бажаришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётгани айтилмоқда.


Тошкентлик Сарвар ака Тико машинасида 10 йилдан буён киракашлик билан шуғулланиб келади. У киши 1 январдан кучга кирган таксилар фаолиятини тартибга солишни кўзда тутадиган ҳукумат қарорида белгиланган талабларни ҳали бажармаганини айтади.

Бироқ киракашликни давом эттираётган Сарвар ака шанбадан бошлаб рейдлар бошланганидан хавотир билдиради.

- Текшир-текшир бўлаяпти. Текшираяпти, телевизорда гапираяпти. Лицензия олиш керак деяпти, заставлят қилаяпти олинглар деб. Юришга қўймаяпти. Лицензия олиш керак. Ҳозир олмасанг, рейдга тушиб қолсанг штрафи катта. Минимал ойликнинг 20 баробаридан 100 баробаригача. 20 баробар бўлса деярли 1 миллион 200 минг бўлиб кетади. Икки марта тушиб қолса, машинани олиб қўяди. Энди лицензия олиш ҳаракатидаман. Кунига 10-15 минг сўм тўлаш керакда бориб лицензия олган жойга. Фақат машинани бўяши ëмон бўлаяптида, дейди Сарвар ака.

Ўзбекистон Давлат автомобил назорати Республика бўлимининг навбатчи ходимига кўра, 7 январдан бошлаб “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг амалдаги ижросини текшириш мақсадида махсус рейдлар бошланган.

Лицензиясиз ва машинасини қаймоқ рангга бўямаган ҳолда таксичилик қилган шахсларга қарши ўтказилаётган рейдга солиқ қўмитаси ходимлари маъсул этиб тайинлангани айтилмоқда.

Тошкентда ўтказилаётган рейдларга оид вазиятни ўрганган журналист Сергей Ежковга кўра, бу тадбирлар махсус сценарий асосида амалга оширилмоқда.

- Бу ишга талабаларни жалб қилишган. Уларга пул бериб, йўловчи сифатида жўнатишади. Талаба такси ушлаб, масалан, Бешоғочгача боради. У ёқда таксини милиция ходимлари кутиб туради. Таксичи талабадан пул олгач, уни ушлашади. Бу ғарб қонунчилигида жиноятга қўл уришга мажбурлаш сифатида ман қилинади. Бизда эса бу каби қоида йўқ, дейди журналист Ежков.

Тошкентнинг Сирғали туманидаги солиқ қўмитаси бўлими ходимининг, ўз исмини ошкор қилмаган ҳолда айтишича, уч кун давомида бир киракаш лицензиясиз таксичилик қилган пайти ушланиб, жаримага тортилган.

CA News агентлиги маълумотига кўра, 1 январдан бошлаб кучга кирган қарорга биноан, лицензиясиз такси ҳайдовчилари энг кам иш ҳақининг 20 дан 100 баробари (480-2400 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилади.

Агар бу ҳолат иккинчи бор такрорланса, киракашнинг автомобили мусодара қилинади.

Айни қарорга асосан таксилар бутун Ўзбекистон бўйлаб сариқ рангга, Тошкентда эса қаймоқ рангига бўялиши лозим. Уларнинг томига зарғалдоқ рангда TAXI ёзуви туширилган фонар ўрнатилиши, олдинги эшикда эса шашка ва Т ҳарфи акс этиши лозим.

Бундан ташқари, таксининг бўшлигини англатувчи яшил чироқ, ҳисоблагич, радио алоқа, назорат-касса машинаси ҳамда пластик карта тўлов терминали ўрнатилиши лозим.

Газета.уз маълумотига кўра, Тошкент шаҳрида аҳолига такси хизмати кўрсатувчи 100 дан зиёд ширкат ва улар ихтиёрида 1200 тадан ортиқ автомашина мавжуд.

Айни пайтда Ўзбекистон пойтахтида 35 минг нафаргача нолегал таксичи-киракашлар борлиги тахмин қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG